Денгиз тошбақалари ҳаётининг асосий қисмини сувда ўтказади. Шунинг учун ҳам уларнинг тана тузилиши сув офатларига мослашган. Агар тошбақаларнинг чаққон ва чиройли сузишини кузатсангиз, уларни ҳеч қачон беўхшов ва имирсираган деб ўйламайсиз. Одамлар эса уларга худди шундай лақаб тақишган. Тошбақалар йўналишини жуда чаққонлик билан ўзгартира олади ва бир соатда 9 километрдан ошиқроқ масофани сузиб ўтади.
Денгиз тошбақаларининг пардали панжалари сувни қаттиқ эшади, қирғоқда эса ўзларини ноўнғай сезади. Ҳақиқатан ҳам улар қуруқликда жуда қўпол ҳаракат қилади, чопиши ҳақида эса гап булиши мумкин эмас.
Денгиз тошбақаларининг тухум қўйиш учун қирғоқдан кавак қазиётганини кузатган одамларнинг айтишича, мана шу вақтда тошбақалар йиғлар экан. Балки уларнинг бу йиғиси оғриқдандир? Чунки уларнинг пардасимон панжалари чуқурча қазишга мутлақо мослашмаган.
Маълум бўлишича, денгиз тошбақалари оғриқдан йиғламайди, кўзёши тўкишига жўшқин ҳолати ҳам сабаб бўлолмайди. Бунинг жавоби жуда оддий: денгиз тошбақаларининг кўзёши тўкилишига уларнинг денгиз таомлари (балиқ, майда ҳайвонлар ва сув ўтлари)дан организмига йиғилиб қолган ортиқча тузларни чиқариши сабаб бўлар экан. Улар тузларни кўзларидан оқаётган сув билан бирга чиқариб ташлайди.