Ҳар қандай одам ҳам албатта солиқ тўлаётганда хурсанд бўлмаса керак. Бизнинг кунларга келиб солиқларнинг турлари шунчалик кўп ва миқдори шу қадар юқори бўлиб кетдики, баъзан беихтиёр ўйлаб қоласан, хўш бу солиққа йиғилган пуллар қаёққа кетяпти ўзи? Аҳолидан солиқ йиғиш — бу ҳукумат учун муҳим бир жараён бўлиб, у орқали ҳукумат аҳолидан пул йиғиб олади ва бу пулларни халқ манфаати йўлидаги тадбирларга сарфлайди. Албатта, давлат мактаблари, кўчалари, ёнғиндан сақлаш хизмати, полицияси ва армияси бўлгани ҳар бир оила учун алоҳида йўл қуриш, болаларини алоҳида ўқитиш ва ўз мулкини шахсан ўзи қўриқлаш каби ташвишлардан арзонга тушади.
Ҳар қандай ҳукуматнинг харажатлари ҳам йил давомида ўсиб боради. Харажатларнинг ўсиб боришига сабаблардан бири халқ хавфсизлигига кетадиган маблағларнинг ошиб боришидир. Маҳаллий ҳокимиятларнинг ижтимоий эҳтиёжлар учун сарфлайдиган харажатлари ҳам муттасил ўсиб боради.
Кўчалар ва йўлларга ҳам астойдил пул сарфлашга тўгри келади. Мамлакатга яна кўпроқ яхши мактаблар, олий ўқув юртлари керак. Кишилар янги-янги касалхоналар, боғлар ва бошқа муассасалар қурилишини, барпо этилишини истайдилар, буларнинг ҳаммаси шаҳар идораларининг маблағлари эвазига яратилади.
Даромад солиғи — ҳукумат марказий аппарати фаолиятини таъминловчи асосий манбадир. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари ҳам даромад солиғининг маълум қисми ҳисобига ўз бюджетларини тўлдирадилар. Бошқа солиқлар, масалан, нарсаларнинг нархига қўшимча тарзидаги солиқлар асосан давлатнинг пул даромадини ошириш учун йиғилади.