Деярли ҳамма бу инсоннинг номини эшитган, аммо назаримизда у ҳақда аксарият кишилар, кўп нарсани билмаса керак. Елизавета 1 замонасида жуда кўп улуғ инсонлар яшаб ўтишган, бироқ Релей улар орасида энг истеъдодга бой ва бетакрори бўлган дейиш мумкин. Зеро у аскар, денгизчи, сарой аъёни, шоир, мустамлакачи, тарихчи ва олим номларининг ҳаммасига сазовор бўлган одамдир.
Релей тахминан 1554 йилда Англиянинг Девоншир деган жойида таваллуд топган. Ўспиринлигидаёқ Франциядан кейинчалик эса Ирландиядаги урушларда иштирок этган. У қиролича Елизавета Тюдорнинг назарига тушиб рицар унвонини олади ва ҳукумат маҳкамасида турли лавозимларда хизмат қилади.
Кейинчалик Релей қиролича томонидан унга тайинланган пулларни харжлашнинг ўзига хос йўлини ўйлаб топди. У ўз пулларини Америкада янги аҳоли гяасканларини барпо этишга сарфлади. 1585 йилда Релей илк колонияларни ташкил этиш учун биринчи гуруҳни бир йил муддат билан Америкага йўллади, бу гуруҳ таркибида 100 киши бўлиб, улар Шимолий Каролинанинг соҳилларида жойлашган Роупок оролида яшашарди. Бу янги оламда ўз қисматини синаши лозим бўлган биринчи инглиз колонияси эди. Кейинчалик ташкил этилган барча колониялар айнан ана шу колониядан келиб чиққанди. Америкалик ҳиндулар, Американинг географик тузилиши, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси тўғрисидаги илк маълумотлар учун ҳам биз Релейга таҳсин айтишимиз лозим. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари туфайли бизда булар ҳақида тасаввур шакллангандир. 1587 йилда у иккинчи бор Америкага экспедитсия жўнатади ва бу экспедитсия аъзоларининг барчаси ўрмонлар бағрида бедарак йўқоладилар.
Релей ўз замонасининг кўплаб шоир ва ёзувчиларини шахсан танирди, унинг ўзи ҳам ўз асрининг энг илғор шоирларидан бири эди. 1595 йилда у олтин конларини топиш мақсадида ўзининг илк саёҳатини уюштирди. Бу саёҳат Жанубий Американинг Гвиана деган ҳудудига бўлган эди.
Қирол Жеймс 1 тахтга ўтиргач, у Релейни ўзига суиқасд уюштиришга алоқадор фитнага иштирокчи деб, ўлимга ҳукм қилди.
Гарчи ўлим жазоси бекор қилинган бўлсада, Релей ўз умрининг қолган асосий қисмини Лондондаги Тауэр қамоқхонасида ўтказди.
Релей қамоқхонада ўзининг буюк асари «Дунё тарихи» китобини яратди ва турли кимёвий тажрибалар ўтказди. 1616 йилда у қамоқдан озод этилди ва яна Гвианага қараб сузди. Олтин конларини тополмагач, у испанлар билан жанг қилиб мағлубиятга учради, кейин Англияга қайтиб келди ва шу ерда 1618 йилда қатл қилинди.
Релей янги олам деб ном олган Америкадан илк бор Ирландияга картошкани олиб келди, шунингдек, у Европада тамаки чекишнинг кенг оммалашишига ҳам сабабчи бўлди.