11—13 асрлар Европа учун гуллаб-яшнаш ва барқарорлик даври бўлганлигини яхши биламиз. Бироқ, шундай бўлсада, кўплаб Европа қироллари кучли амалдорларнинг қарама-қаршиликларига дуч келар, ёки қўшни давлатлар билан бўладиган ўзаро ҳудудий можаролар домига тортилар эди. 1070 йилдан то 1120 йилга қадар Германияни муттасил ўзаро урушлар ҳолдан тойдирган бўлса, Англия ва Франция ҳам Жанубий Франция ҳудудида жойлашган Аквитания учун тўхтовсиз жанжаллашар эди.
Европанинг барча қироллари, рицарлари ва ҳатто черков руҳонийлари ҳам яна бир ўзига хос босқинчилик урушларининг комига тортилган бўлиб, бу урушнинг номи — Салб юришлари эди. Бу урушларда насроний аскарлари мусулмонлардан ўзлари учун «Муқаддас тупроқ» деб атаганлари, яъни Қуддус шаҳри атрофидаги ерларни (ҳозирги Исроил ва Иордания ҳудуди) тортиб олишга уринар эдилар.
Салб юришлари — ўрта асрларга хос бўлган олий идеалларнинг очкўзлик ва шафқатсизлик билан қоришиқ ҳолдаги кўринишига энг яққол далил эди. Албатта, кўплаб жангчилар салб юришларига, Христос яшаб, вафот этган заминда насроний подшо ҳукмдор бўлиши учун қатнашар эди. Бироқ бу урушларда бошқа мақсадлар билан иштирок қилувчилар ҳам бисёр эди: бу юришлар уларга шон-шуҳрат ёки бой ўлжа олиб келарди. Айримларни эса саргузаштларга ишқибозлиги салбчилар сафига қўшарди. Насронийлар лашкарлари ўз душманлари — мусулмонларга қарши жангларда ўта шафқатсизликлар кўрсатиб неча-неча бор ўзларини шарманда қилиб, иснодга қўйдилар. Натижада 1291 йили бу урушлар мағлубиятга учраб салбчилар Европага бутунлай қайтиб кетдилар.