«Минг бир кеча» эртакларини ўқиган бўлсангиз, Рух деган қушни эслай оласиз. У шу қадар катта бўлганки, бир панжасига филни, иккинчисига каркидонни кўтариб уча олган. Унинг тухуми уйдек баҳайбат бўлган. Ер юзида яшаб ўтган қушлар орасида Рух қушининг тимсоли эпиорнис деган қазилма қуш бўлиши мумкин. Унинг тухуми қачонлардир қушлар қўйган тухумлар орасида энг каттаси саналган. Аммо эпиорнис эртакдаги Рух қуши каби улкан бўлмаган. У ҳайвонлар нари турсин, ҳатто ўзини ердан кўтара олмаган. Бу қуш қўйган тухум ҳам уйдек баҳайбат бўлмаган. Барибирам унинг ҳажми сизнинг эътиборингизни тортади: ҳажми 9 литр! Бу — нафақат паррандалар қўядиган энг катта тухум: ҳеч қандай жонивор, ҳатто мезозой давридаги баҳайбат рептилиялар ҳам бундай катталикда тухум қўймаган ва қўя олмайди. Эпиорниснинг тухумини ўлчамлари бўйича ҳеч қандай тўсиқсиз ёйиладиган, пўсти таркиби карбонат ангидрид кальцийдан иборат тухум учун мумкин бўлган энг катта қийматга яқинлашади, деб ҳисоблайди олимлар.
Мавжуд қушлар орасида энг катта тухум қўядигани туяқушдир: узунлиги 15—17,5 сантиметр, эни 10—15 сантиметр келади. Мана шундай катталикдаги тухумни қаттиқ қилиб пишириш учун қанча вақт керак, деб ўйлайсиз? Товуқ тухумини қайнатиб пишириш учун 10 дақиқача вақт кераклигини биласиз. Туяқуш тухуминикига эса кам деганда 40 дақиқа кетади!
Айтганча, товуқ тухуми ҳақида гапирар эканмиз, уларнинг энг йириги энига 4 ва бўйига 6,5 сантиметр бўлишини ҳам айтиб ўтишимиз керак. Энг кичкина тухум колибриларнинг аллақандай турига тегишли. Уларнинг узунлиги 1 сантиметрдан ошмайди.