Бир жойда ғуж бўлиб яшайдиган ва уяларини ҳам бир дарахтга қурадиган қушлар мавжуд. Аммо айрича яшашга ҳаракат қиладиган қушлар ҳам бор. Уя қурилган жой ва унинг атрофини қушлар ўз ҳудудлари деб ҳисоблайди ва уни астойдил қўриқлайди. Мисол учун, катталиги жиҳатдан чумчуқдай келадиган, кўзининг устида оқ йўли бўлган кичкина қамиш чумчуғи ўз ҳудудига ҳатто авлоддоши бўлган деҳқончумчуқнинг киришига асло йўл қўймайди. Улар ўртасида чиқадиган даҳанаки жанг туфайли қанотларидан асар ҳам қолмайди.
Қамиш чумчуғи назорат қиладиган ҳудуд анча катта, шу боис уларнинг уялари бир-бириникидан анча узоқда жойлашади. Одатда, бир квадрат километрда бу муросасиз қушларнинг бармоқ билан саноқли уяси бўлади.
Муросасизликда қамиш чумчуғи ягона эмас. Макиёнлари тухум босган ёки жўжаларини парваришлаётган пайти ўз «қариндошларига» тоқатсиз бўлган қушлар сирасига пеночка-весничка, пишчуха, поползень, зяблик, қизилиштон ҳам киради.
Бунинг сабаби оддий. Доимо овқат сўрайдиган полапонларини овқатлантириш пайтида ота-оналари овқат излаб уядан узоққа кетолмайди ва озуқани «ўз» ҳудудларидан топиш пайида бўладилар. Оддий шароитларда, ўрмонларда кулранг муховканинг уяси, масалан, бир-бириникидан 15 метрлар, ола-була узунқуйруқники 20 метрлар узоқликда бўлади. Жажжи жиблажибонлар ўз уяларини бир-бириникидан ҳеч қачон 35 метр, читтак-отахонлар 50 метрдан кам қилиб қўймайди. Қизилдум чумчуқлар бир-биридан анча узоқ яшайди ва ўз уяларини бошқаларидан тахминан 70 метр олисда қўяди. Бундан ҳам каттароқ — пишухалар 100 метрга яқин, поползенлар 150 метр — ҳудудни «эгаллаб» оладилар. Қизилиштонлар 160 метр катталикдаги ўз ҳудудига бошқа қизилиштонларнинг киришига рухсат этмайди.