Қум нима?

Шамол, ёмғир ва совуқ таъсирида тоғлар нураб, майда тошлар ва зарраларга айлана боради; диаметри 0,05 мм.дан 2,5 мм.гача бўлган бундай зарралар «қум» деб аталади.

Қум тоғ жинслари таркибига кирувчи минерал зарраларидан ҳосил бўлади. Шунинг учун ҳам қумда ҳар хил минералларни учратиш мумкин. Қумда кварц кўпроқ, у пишиқ бўлгани учун ҳам кўп учрайди. Баъзан қум таркибининг 99% кварцдан иборат бўлади. Шунингдек, қумда дала шпати, кальцитлар, слюда (шаффоф минерал), темир рудаси, оз миқдорда гранат, турмалин, топаз (қимматбаҳо ялтироқ тош) учрайди.

Қум тоғ жинслари емирилаётган жойда ҳосил бўлади. Қум ҳосил бўладиган яна бир жой денгиз қирғоғидир. Тўлқинларнинг қояларга, шамол олиб келадиган қумга, тоғ жинсларига ҳамда денгиз сувининг бир қанча минералларга таъсири — булар барчаси қум ҳосил бўлишига ёрдам беради.

Шамол соҳиллардаги қумни қуруқлик ичкарисига олиб кетади. Баъзида кўчиб юрадиган қум уюмлари ичида ўрмон ҳам йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Чўллардаги қум қаердан пайдо бўлган? Уни бу ерга, асосан, шамол олиб келган. Айрим ҳолларда саҳродаги қум тоғ массивларининг емирилиши натижасида пайдо бўлган. Баъзи саҳролар ўрнида эса бир вақтлар денгиз бўлган ва у минг йиллар бурун чекиниб, ўз ўрнида қум уюмларини қолдирган.

Қум фойдали ашёдир. У кўпинча қурилишда ишлатилади. Сув ва цемент билан бирга қорилган қумдан қуюқ, ёпишқоқ лой ҳосил бўлади. У қотиб, «бетон»га айланади. Қумдан, шунингдек, шиша, қумқоғоз тайёрлашда, сувни фильтрлаб тозалашда фойдаланилади.