Қора чигиртканинг одамларга меҳри бўлакча. Кўп мамлакатларда бу ҳашаротлар билан боғлиқ ирим-сиримлар мавжуд. Масалан, хонадонларда яшайдиган қора чигиртка бахт келтиради, у кетиб қолса, ёмонлик аломати саналади. Италия, Шимолий Африка ва Япония аҳолиси уларни хуш овозидан баҳра олиш учун ўз боғларида сақлайдилар.
Аслида қора чигирткалар хониш қилмайди. У скрипкачи! У олд қанотининг ўткир томонини иккинчи қанотининг устига ишқалаганда овоз чиқади. Фақат нарлари ана шундай оҳанг таратади. Улар кун бўйи чириллайди ва шу овози билан модаларини маҳлиё этади. Айни ўринда, қизларни жалб этиш учун болаларнинг кун бўйи скрипка чалишини бир тасаввур этиб кўринг!
Қора чигирткаларнинг ўткир кўзлари бошида эмас, оёғида жойлашган. Уларнинг мўйлови жуда узун, оёқлари эса сакраши учун махсус мослашган.
Хонадон қора чигирткаси (уни баъзан ўчоқ чигирткаси ҳам дейишади) Европада яшайди. Анча йиллар олдин у Янги Дунёга олиб ўтилган ва ҳозирги пайтда Қўшма Штатларнинг бир талай жойларида ҳаёт кечиради. Пушти доғли, оч сариқдан келган бу митти ҳашарот 3 сантиметр атрофида бўлади. У уйларда яшайди. Қора чигирткалар иссиқни севади, шу боисдан ўчоқ бошларида, мўри ва пол ёриқларида яшириниб кун кечиради. Дала қора чигирткаси каттароқ бўлади ва ердан кичикроқ чуқурлик кавлаб, шу ерда яшайди. Эркак қора чигиртка урчиш даврида урғочисига яқинлашиб, чириллайди. Ёғоч чигирткалари ҳам бор. Улар мусиқанинг сокин эшитилишини хуш кўради.
Фермерлар қора чигирткалар личинкасидан ташвиш тортади, чунки улар ўзлари ўрнашган ток ва дарахтлар баргини еб қўяди.
Хитой қора чигирткаларини одамлар чигирткалар жанги уюштириш учун атай парвариш қиладилар ва кузатувчилар қайси бири ғолиб чиқиши борасида гаров ўйнайдилар.