Ер юзида нечта қитъа борлигини ота-онангиздан сўраб кўринг. Улар сизга, бешта қитъа бор, деб жавоб бериши ҳам ажаб эмас. Чунки уларни мактабда шундай деб ўқитишган.
Аммо олимлар, бугун еттита қитъа бор, деб ҳисоблашади. Нега бундай бўлди?
Панама канали қазилгач, Америка ягона қитъа бўлмай қолди. Чунки Шимолий ва Жанубий Американи эндиликда сувлик ажратиб туради.
Тағин Жанубий қутб атрофидаги минтақа муз билан қопланганини ҳам биламиз. Илгари бу музлик океан юзасини қоплаб ётган муз ва қордан иборат, деган қараш ҳукм сурган.
Бироқ 1911 ва 1912 йиллари тадқиқотчилар Амундсен ва Кук Антарктида қалин муз билан қопланиб ётган ер эканини кашф этишди.
Демак, Ер етти қитъага бўлинади: Европа, Осиё, Африка, Шимолий Америка, Жанубий Америка, Австралия ва Антарктида.
Ер жинслари тақсимланишини тадқиқ қилувчи олимлар уларнинг ҳайратланарли хусусиятларига дуч келишди. Дунёдаги энг баланд тоғ чўққилари ёнбағирларида денгизлар тубида учрайдиган жинслар — оҳактошлар бор экан. Антарктидадан тропиклар шароитида ҳосил бўлган жинслар топилди. Ер шарининг энг иссиқ минтақалари — тропикларда кўҳна музликлар белгилари бор. Европа ва Шимолий Америкадаги тошкўмир қатламлари, ўртадаги бир неча минг чақиримлик сув кенглиги мавжудлигига қарамай, жуда ўхшаш экан. Атлантика океанининг иккала томонидаги материкларнинг ташқи кўриниши бир-бирига уйқаш. Агар хаёлан Жанубий Америка шарққа силжитилса, унинг чет чизиғи Африканинг ғарбий соҳилларига ўзаро бириктириш учун жуда мос келади. Бу ҳолни қандай тушунтирса бўлади?
Қадим замонларда материкларнинг ўзаро жойлашуви ҳозиргига нисбатан бутунлай бошқача бўлган, яъни бир замонлар уларнинг ўрнида ягона қуруқлик бўлиб, у кейинчалик иккига бўлиниб кетган, деб тахмин қилиб кўрайлик. Шунда бир-биридан узоқда жойлашган материкларнинг ер қатламлари тузилишидаги ўхшашлик, Атлантика океанининг икки тарафидаги қирғоқларнинг ўзаро уйҳашлиги, шунингдек, нима учун ўтмишдаги иқлим шароитлари белгиларининг ҳозирги географик ҳолатга тўғри келмаслиги аён бўлади.
Бундай тахминни кўпчилик олимлар маъқуллашади. Материкларнинг кўчишига Ернинг теран қисмлари аста-секин силжиши сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган важ ҳам бор. Ер ости чуқурликларида моддалар температуранинг ўта даражада юқорилиги сабабли суюқ ҳолдадир. Вулқонлар отилганда, бундай моддалар магма ҳолида Ер юзасига отилиб чиқади. Суюқ моддаларнинг қайта-қайта қизиб совиши оқибатида юзадаги қуруқлик — материк плитасининг силжишига олиб келадиган мураккаб ҳаракатлар содир бўлади. Бундай ҳолатни ҳар қандай суюқликнинг қизиб-совишида ҳам кузатиш мумкин. Кузатишларнинг тасдиқлашича, материклар ўрта-океан тоғ тизмалари — океанларнинг марказий қисмидаги сувости тоғлари чизиғидан бўлинади. Бу жойларда жинслар ер қаъридан жуда секинлик билан кўтарилади, материкларнинг четида эса, аксинча, пастга тушади. Яна зилзила ва вулқонлар отилиши кўпинча айнан ўша материклар плитаси чеккасида содир бўлиши аниқланган. Бу сайёрамиз қаърида кечаётган кучли жараёнларнинг яна бир тасдиғидир.