Сувнинг тиниқлиги қандай ўлчанади?

Одамлар сувнинг тиниқлигини ўлчаш учун юз йиллардан бери Секки гардишидан фойдаланади. У диаметри 30 сантиметр бўлган металл гардишдир. Кема ўлчаш нуқтасига чиққач, унинг бортидан гардиш сувга туширилади. У ёнлама (горизонтал) ҳолатда бўлиши керак. Гардиш кўзга кўринадиган энг сўнгги чуқурлик билан сув юзаси ўртасидаги масофа тиниқликдир. Кўл (денгиз, океан, дарё) сувининг тиниқлиги бу жойда фалон метрни ташкил этар экан, дейилади.

Байкал суви ниҳоятда тиниқлиги билан машҳур. Аммо Ер юзининг бошқа жойларида ундан ҳам тиниқроқ ва тозароқ сувликлар бор экан. Сўнгги маълумотларга қараганда (улар 1986 йили олинган), Антарктида соҳилларини ювадиган Уэделла денгизи дунёдаги суви энг тиниқ денгиз экан. 7 градус 23,6 минут жанубий кенглик ва 15 градус 2,5 минут ғарбий узунлик координатлари нуқтасида сувга туширилган оқ Секки гардиши сувга 79 метргача туширилганда ҳам кўриниб турди. Атрофдаги сувларнинг тиниқлиги эса 70 метрдан ошмади. Нима бўлганда ҳам, бу ажойиб натижа. Ҳисоб-китобларга қараганда, дистилланган сувнинг тиниқлиги 80 метрдир.