Дунёда қичитқи ўтларнинг бир неча хили мавжуд, бироқ уларнинг аксариятида қичитадиган туклар йўқ. Шунга қарамай, кўпчилигимиз, жиллақурса бир марта бу ўсимликка қўлимизни теккизиб, ачиштириб олганмиз. Ачиштирадиган хиллари орасида энг кўп тарқалгани хашаки қичитқи ўт ва Рим қичитқи ўтидир. Айниқса Рим қичитқи ўти жуда қаттиқ ачиштиради.
Қичитқи ўтларнинг ачиштирадиган ҳаракати актиний ва медузанинг қисгичларида жойлашган санчилувчи ҳужайралари ҳаракатига ўхшашдир. Бу ҳужайраларнинг ичида ҳалқачага ўралган ва нарса сал тегса тик ҳолга келадиган ингичка, ғайриоддий ўткир тиканлар мавжуд. Қичитқи ўтнинг тиканлари бир ҳужайрадан ривожланади ва тук кўринишига эга бўлади, уларнинг ўткир учида зарарланишдан сақлайдиган кичик ўрамлар жойлашган. Агар ўша ўрамларга тегиб кетилса, дарров парчаланади ва ўткир игналари терига шимилади. Тикан ичидаги суюқ кислота қичиштира бошлайди, баъзи оғир ҳолларда тери қатламини куйдиради.
Аммо қичитқи ўт поясидан туклари ўзига қапишиб туриши учун эҳтиёткорлик билан ушланса, у сизга ҳеч қачон озор бера олмайди.
Қичитқи ўт инсон учун бефойда ўсимлик, деб ўйлаш ноўриндир. Кўпгина мамлакатларда уни катта қозонларда қайнатишиб, чўчқа ва паррандалар учун муҳим аҳамиятли озуқа олишади. Аччиқтош эритмаси билан ишлов бериб, қичитқи ўт илдизидан сариқ ранг, барги ва поясидан яшил ранг олишда фойдаланилади. Махсус қайта ишловдан сўнг, «рама» (Хитой қичитқи ўти) толасидан газлама, тасма, арқон ва ип тайёрланади.