Қайси тошбақаларни юмшоқ танли дейишади?

Узоқ Шарқда, Вьетнамда ва Тайвань оролида трионикс деган тошбақалар яшайди. Бу юнончадан таржима қилинса, «уч тирноқ» деган маънони англатади. Чўзинчоқ хом блинга ўхшаган трионикс тошбақаси учта ўткир тирноқли пардали панжаларини аста-аста қўйиб, ҳавзалар тубида бамайлихотир судралиб юраверади. Бу тошбақаларни «юмшоқ танли» ҳам дейишади, чунки уларнинг суякли зирҳи устини юмшоқ тери қоплаган, мугуз шчитлари эса унинг тагидан кўринмайди.

Бу тошбақаларнинг ҳам бўйни бошқалариники каби илонникига ўхшаш, аммо триониксларнинг учидан келишмаган хартумчаси чиқиб туради, у ўлжани — балиқ ёки қурбақани кўрган заҳоти секин узаяди. Тошбақа тайёрланиб бўлгач, шиддат билан унга ташланади, қарабсизки, ўлжа унинг чангалида. Триониксларнинг гарчи тиши бўлмаса-да, жағлари тиғдай ўткир, қулга тушган ўлжа ундан қутулиб бўпти!

Айрим трионикс тошбақаларининг бўйи 30 сантиметрга етади ва сувга тушган қуш ва майда ҳайвонларга ҳам ҳужум қилишдан тал тортмайди.

Чучук сувли тошбақалар учун (трионикслар айнан шу турга мансуб) дарёлар ва кўллар қадрдон уй саналади. Барибир улар нафас олиш учун вақти-вақти билан қирғоққа чиқиб туради.

Трионикслар ботқоқлик ва Каспий тошбақалари сингари чучуксувли тошбақаларга нисбатан сув тагида кўпроқ тура олади. Улар 10—15 соат сув бетида кўринмаслиги мумкин. Бу уларнинг ҳавосиз ҳам яшай олади, дегани эмас. Трионикслар томоғининг ички томонида ғалати мосламаси бор: уни сўрғичлар қоплаб олган, айни сўрғичлар орқали тошбақа кислородни тўғридан-тўғри сувдан олади.

Сув тагида ўтириш гоҳо триониксларнинг жонига тегиб кетади, бундай пайт улар қуёшда исиниш учун қирғоққа чиқади. Шубҳали шитирлашни эшитганлари ҳамоно ўзларини сувга урадилар. Тошбақаларнинг ивирсираганлиги ҳақидаги барқарор фикрларга қарши ўлароқ трионикслар анча тез югуради, сузиш борасида ҳам маҳоратли бўлиб, пардасимон панжалари жонжаҳди билан эшкак эшади. Уларнинг жуда озчилиги хавфдан қутулиб қолади. Триониксларнинг бошқа тошбақалар сингари гўшти мазали, шунинг учун ҳам у овчиларга ўлжа тушади.

Бу қадимий ҳайвонларни келгуси авлодлар учун сақлаш мақсадида трионикс тошбақалари Қизил китобга киритилган.