Куз келиши билан қушларнинг уяларини тарк этиб, гала-гала бўлиб, узоқ ўлкаларга қишловга учиб кетишини кўпчилик билади. Баҳорда, ерлар энди-энди эрий бошлаб, дарахтларда куртаклар ниш ота бошлаши билан қушлар ҳам қайтиб келади.
Бошқа қушлар галаси билан бирга узундумли қутб крачкаси ҳам қайтиб келади. У чиройли қора шапкачали, қизил тумшуқли ва қизил панжали митти қуш. Крачка бошқа қушлар сингари ўрта минтақаларда қолмайди, аксинча шимол қушлари каби узоқларга учиб кетади. У ўз уясини чекка шимол районлари — Аляска, Канаданинг Арктика томонидаги ороллари, Гренландияда қўйишни яхши кўради. Узун думли крачка Сибирь шимолида ҳам учрайди.
Энг қизиқ томони бунда эмас. Кузда совуқ тундрани ташлаб кетган крачка жануб сари йўл олади, аммо яна абадий музлик ва қорликларга келади. У қишни Антарктидада ўтказади. Шу тариқа Сибирь крачкалари 32 минг километр масофа босиб, яна ўзлари хуш кўрадиган музликларга келади.
Улар йўлда иссиқ мамлакатларни четлаб ўтади, айрим галалари бир неча километр нари айланиб ўтади, мақсад фақат совуқ минтақалардан учиш.
Олимлар крачкаларнинг бунчалик совуқни яхши кўришига жавоб топишган. Узундумли қутб крачкалари кичик балиқ ва чиғаноқлар билан овқатланади, улар эса иссиқ сувдан кўра совуқ сувда кўп бўлади. Албатта, бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин, аммо у бизга жумбоқлигича қолмоқда.