Кўп халқлар эртакларида бургут қушлар шаҳаншоҳи этиб тасвирланади. Бургутларнинг кўп турларни ўз ичига қамраб олган бутун бошли бургутлар оиласи мавжуд. Биргина Россиянинг ўзида дашт, қарлиқ, қирғий, гўрков, катта ва кичик бургутчалар ва ниҳоят, қушларнинг ҳақиқий монархи — беркут турлари яшайди.
Беркут — бургутлар орасида энг йирик, қудратли ва чиройли қушдир. Нисбатан энсиз, аммо узун, қанотларини қоққанда 2 метрдан ошади, қанотлари узун, рул вазифасини бажарадиган думи унинг парвозига куч, тезлик ва чаққонлик бахш этади. Беркутнинг кўзи тушган жониворнинг ундан қочиб қутулишига имкони қолмайди. Ўлжасига етган пайти ўзининг қудратли қуролини ишга солади. Йирик, қармоқсимон тумшуғи четлари жуда кескир, шу боис туёқли ҳайвонларнинг қалин терисини ҳам тилиб ташлайди, ўлжасини нимта-нимта эта олади. Масалан, тулки беркутга бир неча лаҳзагина қаршилик кўрсатиши мумкин.
Беркутларнинг уяси диаметри 1,5—2 метр, баландлиги 1 метрча келадиган, шох-шаббалардан қурилган иншоот бўлиб, ички томонига тери, жун парчалари, тоза игнабарг дарахт новдалари, яшил барглар тўшалади. Уяларини баланд дарахтлар учига, қояларга, кўпинча уч минг метрдан ошиқроқ баландликларга қуради. Макиёни тухумини жуда эрта баҳорда, ҳали совуқ кунлар кетмасдан туриб қўяди. Шу боис у ўз уясидан қўзғалмай ўтиради, айни вақтда овқат билан таъминлаш эркагининг гарданига тушади.
Беркутлар ҳар хил ҳайвонларни овлайди: кемирувчилар (қуёнлар, юмронқозиқлар, суғурлар), қушлар (қурлар, қарқурлар), туёқли ҳайвонлар насллари билан овқатланади. Ҳатто қаттиқ совути бўлган тошбақа ҳам беркут тирноқлари ва тумшуғидан рўшнолик кўрмайди. Бу ўринда қушлар шаҳаншоҳи қувлик қилади. У тошбақани тутиб, осмонга кўтарилади ва тошлар устига ўлжасини ташлаб юборади. Тошбақа косаси тошларга урилиб синади, пировардида тошбақанинг юмшоқ эти беркутнинг таомига айланади.