Сўнгги вақтларга қадар қайноқ сувда ҳамма нарса ҳатто иссиққа энг чидамли бактериялар ҳам ўлади, деб ҳисоблаб келинарди, лекин табиат бу ишончни чипакка чиқариб ташлади. Тинч океани чуқурликларида Цельсий бўйича ҳарорат даражаси 250 даражадан 400 даражагача булган иссиқ сувлар топилди: буни қарангки, мана шу қайноқ сувда ҳам бир қанча тирик организмлар: бактериялар, улкан чувалчанглар, турли моллюскалар ва ҳатто денгиз қисқичбақаларининг бир неча тури ўзларини жуда яхши ҳис этар экан.
Бу кашфиёт ҳақиқатдан йироқдай туюлади. Аксарият ўсимликлар ва ҳайвонлар 40 даража ҳароратдан ошиқроқ, баъзи бактериялар 70 даража ҳароратда ҳалок бўлишини бир эсга туширайлик. 85 даража иссиқликда жуда оз бактериялар яшай олади, энг чидамлиси олтингугуртли манбаларда яшайдиган бактериялар ҳисобланган. Улар 105 даражагача бўлган ҳароратда ҳам яшай олган. Мана шу чегара эди.
Маълум бўлишича, табиатнинг чегараси йўқ, океан тубидаги иссиққа бардошли тирик организмлар сингари ҳали биз билмаган ёки аниқламаган нарсалар бор экан. Устига устак, океан тубидан тадқиқ учун олиб чиқилган қайноқ сув бирмунча совиди (тахминан 80 даражагача), бизнингча, совуқдан бўлса керак, унда яшаётган бактериялар кўпайишини бас қилди.
Л. Тома деган француз олими қайноқ сувда яшаётган махлуқларни ҳозирги замон дунё биологиясининг яна бир мўъжизаси деб атади. Шундай қилиб, табиатнинг яна бир жумбоғи аниқланди, у ҳаёт қандай шароитларда ва қай тариқа ривожланиши борасидаги илгариги тасаввурларни қайта кўриб чиқишга мажбур этмоқда.