Балки сиз қайси бир дарё бўйида кичкинагина кулранг-қўнғир қушчанинг шиддатли оқим ўртасида тошдан тошга сакраб юргани, кейин тўсатдан сув тагига чўмиб кетганини кўрган бўлсангиз керак. Агар сиз унинг нима қилаётганини кўрмоқчи бўлсангиз, сувга боқинг, у чўкиб кетмаган, тирноқчалари билан тошларга тирмашиб, қанотлари билан сурилиб, ўзича юрганини пайқайсиз.
У сув тагида чопгани чопган ва бир қанча вақтдан сўнг қирғоққа сакраб чиқади. Қушча дарё ичида 20 секундча тура олади. Уни оляпка дейишади, яна бир оти эса сув чумчуғидир. Оляпка фақатгина ташқи томони билан чумчуққа ўхшамайди, у чумчуқнинг яқин қариндошидир. Олимлар тили билан айтганда, у чумчуқсимонлар оиласига мансубдир.
Оляпка дарё тубида шунчаки юрмайди. У сув тагида сув ҳашаротларини излайди ва топиб ейди. У қишни Россияда ўтказадиган кам сонли қушларнинг биридир. Оляпкалар совуқдан чўчимайди, чунки уларнинг патлари жуда қалин ва мустаҳкам, устига устак ёғ билан тўйинган, бу унинг совуққа чидамлилиги ва сувнинг қуш танасига етиб бормаслигини таъминлайди.
Оляпкалар қишда ҳам музламайдиган дарёлар тагидан овқат қидиради. Гоҳида оляпкалар ҳуққалар ичига кириб олади, агар муз юпқа бўлса, уларнинг дарё тубида қандай чопиб юрганини, ёғга тўйинган патлари устида сув томчилари ялтираб турганини кўриш мумкин.