Саҳро нима? Саҳро ҳаётнинг фақат айрим турлари яшаши мумкин бўлган минтақадир. Ҳеч бир саҳрода нам етишмайди. Демак, у ердаги мавжуд ҳаёт турлари сувсизликка мослашиши керак бўлади.
У ерда қанча кўп ва неча турдаги ўсимлик ўсиши ёғингарчилик миқдорига боғлиқ. Ёғингарчилик мўл жойда ўрмонлар ўсади. Ёғингарчилик миқдори оз жойларда ер юзасини ўт-ўланлар қоплайди. Ёмғир ёки қор жуда кам ёғадиган жойларда эса фақат айрим саҳро ўсимликлари ўсиши мумкин.
Душ учса, қаноти, одам юрса, оёғи куядиган саҳролар, масалан, Африкадаги Саҳрои Кабир чўли субтропик зонада жойлашган. У ерларда ҳаво қуруқ ва иссиқ бўлади. Океанлар яқинлигига қарамасдан, бу жойлар жуда қуруқдир. Африканинг шимоли-ғарбий қисмидаги ҳамда Австралия ғарбидаги саҳролар тўғрисида ҳам шундай дейиш мумкин.
Экватордан узоқдаги саҳролар денгизлар ва намлик элтувчи шамоллардан олисдалиги ҳамда денгиз билан чўллар ўртасида тоғлар мавжудлиги туфайли ҳосил бўлган. Бундай тоғ тизмалари булутларни саҳрога ўтказмайди. Уларнинг денгизга қараган ёнбағирларида намгарчилик кучли, тескари тарафида эса қурғоқчилик ҳукм суради.
Бу ҳодиса «ёмғир тўсиғи» эффекти деб аталади. Марказий Осиё чўллари эса Ҳимолай тоғлари ва Тибет тўсиғи ортида жойлашган. АҚШнинг ғарбий қисмидаги Катта Ҳавза саҳролари эса денгиздан Сьерра-Невада сингари тоғ тизмалари тўсиб туради.
Саҳроларнинг ташқи кўриниши бир-биридан кескин фарқ қилади. Шамол қум кўп жойларда тепаликлар ёки уюмлар ҳосил қилади. Бундай саҳролар қумли саҳролардир. Қояли саҳролар эса, асосан, тоғ заминидан, ақл бовар қилмайдиган жарликлар ва тепаликлар ҳосил қилувчи қоялардан ҳамда ўйдим-чуқур текисликлардан иборат бўлади. Бошқа (масалан, АҚШнинг ғарбий қисмидаги) саҳроларнинг ўзига хос хусусияти тап-тақир қоялар ва сувсиз текисликлардан таркиб топганлигидир. Шамол тупроқнинг майда зарраларини учириб кетади. Юзада қоладиган шағал тошлар «саҳродаги тош йўл» деб аталади.