Одамлар бундан бир неча аср муқаддам, Ер тек туради, Қуёш, Ой ва юлдузлар унинг атрофида айланади, деб ўйлашган. Нега шундай деб ўйлашганини тушуниш унча қийин эмас. Бир қарашда ҳозир ҳам шундай туюлади. Ҳеч ким Ер айланишини сезмаган. Нега Ер айланса, унинг устидаги нарсалар, океанлардаги сувлар тўкилиб, сочилиб кетмайди?
Эндиликда биз Ер икки йўналишда айланаётганини яхши биламиз. У Қуёш атрофида айланиши билан бирга ўз ўқи атрофида ҳам айланади. Нега биз буни сезмаймиз, деган саволга келсак, биз ҳам Ер юзаси билан бирга айланамиз. Бизни ва океанлардаги сувларни гравитация, Ернинг тортиш кучи тутиб туради.
Ернинг айланиши биз кузатадиган ва сезадиган кўпгина нарсаларда кўринади. Ер айлангани учун ҳам тун билан кун алмашади. Агар у айланмаганида, унинг Қуёшга қараган томонида абадий кундуз, орқа томонида эса абадий тун ҳукм сурган булар эди. Ернинг ҳар бир нуқтаси 24 соат ичида дастлаб Қуёш нури тушадиган томонда, сўнгра қоронғи томонда бўлади.
Ернинг биз «сезмайдиган», аммо ҳаётимизни ўзгартирадиган яна бир муҳим ҳаракати Қуёш атрофида айланишидир. Айнан шу ҳаракат йил фасллари алмашувига сабаб бўлади, теварак-атроф ҳар фаслда ўзгаради. Қуёш атрофидаги саёҳат 365,25 кун, яъни бир йил давом этади. Йил эса тарих, ҳар биримизнинг ҳаётимиз ва ҳок. ўлчовидир.
Фасллар алмашуви Ер ўқининг қиялиги билан боғлиқ. Ер ўқининг эклиптика (Қуёшнинг кўз билан кўриш мумкин бўлган йиллик ҳаракати содир бўладиган катта сфера айланаси)га нисбатан қиялиги 66 градусдир. Ҳар бир қутб ярим йил давомида Қуёшга, яна ярим йилда эса ундан тескари томонга қиялаган бўлади. Шунинг учун ернинг шимолий қисмига ярим йил давомида Қуёш нури кўпроқ, кейинги ярим йилда эса озроқ тушади. Қуёш нури кўпроқ тушган вақт ёз, камроқ тушган вақт йилнинг энг совуқ фасллари бўлади.