Нар қушларнинг ранги нима учун макиёнлариникидан ёрқинроқ бўлади?

Буни тушуниш учун, аввало, қушларга рангнинг нега кераклигини билиб олишимиз лозим?

Бунинг сабаблари ҳар хил талқин қилинди, фан эса ҳали узил-кесил хулосасини чиқарган эмас. Айрим қушларнинг пати ғайриоддий, турли тусдалиги, бошқа бирларининг бир хил рангдалиги муаммолигича қолмоқда. Баъзилари очиқ рангли, бошқаларини эса пайқаш қийин.

Биз фақатгина кўп қушлар учун қатъий бўлган бир қанча қоидаларни топишга ҳаракат қилишимиз мумкин. Уларнинг бири шундай: очиқ рангли қушлар вақтининг кўп қисмини дарахтлар учида, ҳавода ёки сувда ўтказади. Кўримсиз қушлар ерда ёки ер атрофида яшайди.

Кўп мустасноликлар билан яна бир қоида шундайки, қушларнинг устки томони остки томонига қараганда қорароқ.

Бу далиллар фаннинг қушлар ўз душманлари кўзига ташланмаслик учун рангли патлар ҳимоя вазифасини бажаради, деган тахмин қилишига олиб келди. Бу «ҳимоя ранги» дейилади. Лойхўраклар ранги уларни ботқоқлик ўтлари орасида жуда зўр ниқоблайди. Якантовуқнинг туси хазонлардан фарқ қилмайди.

Қушларни ранги муҳофаза этар экан, бунга қайси бири кўпроқ эҳтиёж сезади: нарими ёки макиёни? Табиийки, макиёни, чунки у тухум босади. Шу боис табиат унга ўзини душманларидан яхши муҳофаза қилиши учун хунукроқ ранг берган.

Нарларининг равшанроқ патга эга бўлишининг яна бир сабаби жуфтлашиш даврида макиёнини ўзига жалб қилишига ёрдам беради. Ана шунда нарларининг туси янада равшанлашиб кетади. Кўряпсизми, ҳатто қушларда ҳам бир қарашдаёқ муҳаббат туғилар экан!