Столга муздай сув тўла графин қўйилса, нима бўлишини биласизми? Тўғри, унинг ташқи томони терлаб қолади. Тер қаердан пайдо бўлди, дерсиз. Албатта, ҳаводан пайдо бўлди.
Негаки, ҳавода ҳамиша сув буғлари ҳолидаги намлик бор. Графин нега терлаганига келсак, буғлар унинг совуқ юзасига тегиб, конденсацияланди ва кўзга кўриниб қолди. Ҳавода эса сув буғлари кўринмас ҳолдадир. «Намлик» атамаси сув буғларининг ҳавода мавжудлигини билдиради. Буғлар ҳамма жойда, ҳатто, бепоён саҳролар устида ҳам бор.
Демак, намлик ҳамиша мавжуд, аммо унинг миқдори турличадир. Намликни ифодалайдиган усуллар кўп. Улар орасида «мутлақ намлик» ва «нисбий намлик» деган иккита атама ҳам бор. Улар нимани англатади?
«Мутлақ намлик» ҳавонинг маълум ҳажм бирлигидаги сув буғлари миқдоридир, яъни у бир куб метр ҳаводаги зарраларнинг маълум миқдорини билдиради. Аммо бу биз учун амалда ҳеч нарсани англатмайди. Агар маълум бир шароитда ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни билмоқчи бўлсангиз, «бир куб метрга тўрт бирлик» тушунчаси сизга ҳаво қуруқ ёки нам эканини англатмайди. Танангиздан қанча кўп намлик ҳавога чиқиб кетса, сиз ўзингизни шунча яхши сезасиз. Ҳавонинг шиддат билан буғланиши температурага боғлиқ. Мутлақ намликнинг эса ҳавонинг бундай тавсифига ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Нисбий намлик фоизлар билан ўлчанади. Юз фоиз намлик маълум бир жой ҳавосининг сув буғи билан тўлган ҳолатини билдиради. Температура қанча юқори бўлса, ҳавода сув буғлари шунча кўп бўлади. Шундай қилиб, иссиқ кундаги 90 фоиз нисбий намлик, ҳаводаги намлик миқдори ниҳоятда баландлигини билдиради. Бундай об-ҳавода сиз ўзингизни ёмон сеза бошлайсиз.