Муссон нима?

«Муссон» арабча «мавсум» сўзидан олинган бўлиб, «ёмғирлар мавсуми» деган маънони англатади. У шамол йилнинг илиқ пайтлари денгиздан қуруқликка, совуқ пайтлари эса қуруқликдан денгизга қараб эсадиган иқлим зоналарига нисбатан ишлатилади. Бундай минтақаларда иссиқ мавсумларда тинимсиз ёмғир ёғади, совуқ пайтлар қурғоқчилик ҳукм суради.

Об-ҳавонинг мавсумларга қараб бундай ўзгаришига нима сабаб бўлади? Бунинг сабаби қуруқликнинг денгиз сувига нисбатан тез исиши ва совиши билан боғлиқ. Масалан, Марказий ва Жанубий Осиёга баҳор денгизларга нисбатан эртароқ келади. Қитъанинг ҳавоси ёзда жанубдаги Ҳинд ва шарқдаги Тинч океанлариникига нисбатан иссиқроқ бўлади.

Иссиқ температура қитъа устида паст босимли минтақани ҳосил қилади, океан кенгликларидаги юқори босимли ҳаво массаси ўша минтақага интилади ва ўзи билан ёғингарчиликларни олиб келади. Уларни ҳайдаб келадиган шамол ёзги муссонлар деб аталади. Кузда Осиё қитъаси устидаги ҳаво тезроқ совийди, бу эса унинг устида юқори босимли минтақаларни вужудга келтиради. Натижада шамол Марказий Осиёнинг қурғоқчил минтақаларидан сувликлар томон эса бошлайди. Бундай шамол ҳқшки муссон деб аталади.

Марказий ва Жанубий Осиё иқлими қитъанинг катта ўлчамларига боғлиқ равишда муссон кўринишига эга.

Илгари одамлар елканли кемаларда сузишган пайтлар қишки ва ёзги муссонлардан унумли фойдаланишган. Шунинг учун ҳам денгизчилар, одатда, Ҳиндистондан Африкага қараб қишда сузишган, ёзда эса орқага қайтиб келишган.