Ер усти ва сув остидаги ўсимликларнинг барчаси флора — набототни ташкил қилади. Унга баҳайбат дарахтлар ҳам, майда хаслар ҳам, микроскоп билан кўриш мумкин бўлган сув ўтлари ҳам киради.
Ботаника — жуда қизиқарли фан. У беҳисоб ўсимликлар дунёсини синфларга бўлади, таснифлайди. Кичик ўсимликларни йиғиб, гербарий ҳосил қилиш мумкин. Аммо уларни аниқлаш ва тавсифлаш учун эса махсус таснифловчи мутахассис ва луғатлар зарур бўлади. Қадимги Римда флора гуллар ва боғлар илоҳаси ҳисобланган. Унинг шарафига дабдабали гул байрамлари ўтказилган. Бугунги гул кўргазмалари ҳам ўша қадимги гул ва боғ кунларининг ўзига хос кўринишидир.