Биология нима?

Детектив китоблар ўқишни ёки фильмларни телевизор орқали томоша қилишни ёқтирасизми? Улар доимо томошабинни ҳаяжонлантиради. Тўғрими? Сиз кимдир нега ва қандай қилиб, жиноят қилганини билишга қизиқасиз. Бизни ўраб турган дунёнинг ҳам худди шундай очилиши керак бўдган сиру асрори кўп. Нима учун ҳайвонлар ўзини бундай тутади? Ўсимликларни ўзига хос йўсинда ўсишга нима мажбур этади? Нега бизнинг танамиз у ёки бу ҳаракатларни содир этади?

Инсон ҳамиша ҳаётнинг бундай жумбоқларини ечишга интилиб келган. Детективлардаги жиноий ишни фош этувчи терговчи сингари бу ерда ҳам ишни дастлаб далиллар йиғишдан бошлаш керак. Табиат тарихи бундай далилларни тўплаш ва ўрганиш билан шуғулланиб келган.

Бизнинг давримизга келиб, у биология деб атала бошлади. «Биология» сўзи юнонча «биос» («ҳаёт») ва «логос» («фан») сўзларидан олинган. Шундай қилиб, биология барча турдаги организмлар, ўсимликлар ва ҳайвонлар тўғрисидаги фандир. Бу фан уларнинг шакллари, фаолияти, вазифаларини ва ўраб турган атроф-муҳитини ўрганади.

Бир сўз билан айтганда, бу фан тирик табиатни ўрганади. Унинг айрим қисмлари маълум бир организмлар гуруҳини, масалан, вирусология вирусларни, бактериология бактерияларни, микология замбуруғларни, ботаника ўсимликларни, зоология ҳайвонларни, анатомия эса одам ёки организм тузилишини ўрганади. Гистология ҳужайраларни, физиология организмларнинг вазифасини, молекуляр биология ва биокимё эса ҳужайраларнинг вазифасини тадқиқ қилади.

Биологиянинг асосий вазифаси тирик табиатнинг барча ҳодисаларини, бутун организмнинг хоссалари унинг таркибий қисмлари хоссаларидан фарқ қилишини инобатга олган ҳолда, тушунтириб беришдир.

Биологлар, барча маълум бир ҳужайрали ва кўп ҳужайрали организмларни иккига: прокариотлар ва эукариотларга бўлиб ўрганиш лозим, деган хулосага келишди. Прокариотлар ҳужайраларининг аниқ бир шаклланган ядроси йўқ. ДНК (ирсий ахборот ташигич) уларнинг цитоплазмасида жойлашган. Прокариотларга бактериялар ва кўк-яшил сув ўтлари мисол бўлади.

Прокариотлардан фарқли ўлароқ, эукариотлар ҳужайраларининг маълум бир шаклланган ядроси бор ва улардаги ДНК ядро қобиғи билан ўралган. Олимларнинг фикрича, эукариотлар прокариотлардан келиб чиққан. Уларга замбуруғлар, ўсимликлар ва ҳайвонларни мисол килиб келтириш мумкин.

Вируслар тирик организмларнинг иккала гуруҳга ҳам кирмайдиган алоҳида туридир.

Аммо бугунги кунда биолог-изқуварлар бетартиб далилларни тўплаш билангина чегараланиб қолишаётгани йўқ. Улар ўша далиллар ўртасидаги боғлиқлик ва алоқалар бор-йўқлигини аниқлашга ҳам интилмоқда. Масалан, уларни инсон билан уни қуршаб турган миллионлаб тирик мавжудотлар ўртасидаги алоқаларни аниқлаш қизиқтиради. Улар бу тирик мавжудотлар инсон тараққиётига нечоғли таъсир этишини ҳам билишни истайдилар.

Биологларни, умуман, Ерда қандай қилиб илк марта ҳаёт пайдо бўлгани ва у қандай шаклга эга бўлгани тўғрисидаги энг буюк сирдан воқиф бўлиш қизиқтиради. Шунинг учун улар ҳаёт учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни ўрганишади. Худди қидирув бюроси маълумотларни архивга йиққанидай, биологлар ҳам сайёрамизда мавжуд барча организмларни синфларга бўлиб чиқиш — таснифлашга ҳаракат қилишади.

Ўз саволларига жавоб топиш учун, биологлар табиатга мурожаат қилишади ва жумбоқларга жавоб излаб, океанларнинг муздай суви қаърига тушишади, энг юксак тоғ чўққиларига чиқишади. Улар инсон қадами етмаган чангалзорларга йўл очишади, соатлаб микроскопларга тикилишади. Баъзида эса ҳаёт сирларини англаш учун ғалати тажрибалар қилишади. Биология — ўта мураккаб фан.