Миллий мадҳия — бу ватанпарварлик руҳидаги қўшиқ бўлиб, у ёки бу расмий маросимларда, мазкур халқ ва давлатга ҳурмат рамзи сифатида ижро этилади. Миллий мадҳиялар ва ватанпарварлик қўшиқлари кишиларни умумий орзулари ва мақсадлари, шунингдек, идеаллари асосида бирлашишларига хизмат қилади.
Аксарият миллий мадҳияларнинг келиб чиқиш тарихи номаълум. Одатда, кўпинча бундай қўшиқларнинг куйлари, унга кимдир ватанпарварлик руҳидаги шеър ёзмасдан аввал ҳам машҳур бўлади. Махсус, миллий мадҳия учун ёзилган куйларнинг сони унча кўп эмас. Энг машҳур мадҳия бу Ғарбий Германиянинг мадҳияси бўлиб, уни буюк композитор Франс Иосиф Гайдн дастлаб Австрия учун ёзган эди.
Нисбатан қадимийроқ бир қанча миллий мадҳиялар ва ватанпарварлик қўшиқларининг шеърлари бир-биридан фарқ қилсада, ягона куй асосида ижро этилади. Уларнинг айримлари ҳатто ҳарбий қўшиқлар сифатида ижро этилган. Шуниси қизиқки, бу қўшиқларни бир-бири билан уруш олиб бораётган ҳар икки томон аскарлари ҳам бирдек мароқ билан куйлаганлар. Британиянинг «Тангрим, қироличани ўз паноҳингда сақла» деб бошланувчи мадҳиясининг куйи Данияда, Германияда, Россияда, Швейцарияда ва дунёнинг бошқа кўплаб инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларида ватанпарварлик қўшиқларининг яратилишига сабаб бўлди. Америка Қўшма Штатларида ҳам «Америка» сўзи ана шу куй жўрлигида ижро этилади.
«Тангрим, қироличани ўз паноҳингда сақла» куйи илк маротаба 1619 йилда янграган. Уни инглиз композитори Жон Булл ёзган. Мазкур куйнинг давлат мадҳияси сифатидаги илк ижроси 1745 йилнинг 28 сентябрида бўлиб ўтганди.
Америка Қўшма Штатларининг миллий мадҳияси1812 йилдаги уруш даврида ёзилган эди. Балтиморлик адвокат Френсис Скотт Кей, британияликларнинг бир кемасида кетмоқда эди, улар Форт Мак Генрига ҳужум қилардилар. Кей туни билан ҳужумнинг боришини кузатди. Тонгда у Форт устида ҳилпираб турган Америка байроғини кўргач, у шу даражада ҳаяжонланиб кетдики, натижада «Юлдузли байроқ» қўшиғининг шеърини ёзиб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди, шеърни у оддий хатжилднинг орқасига ёзганди. У шеърини бирор куйга солиш ҳақида ўйлаётганда унинг хотирасига «Самодаги Апокреонга» деб аталувчи қадимий инглиз қўшиғи келди.
«Марселеза» — француз миллий мадҳияси бўлиб, ушбу қўшиқ Буюк Француз инқилоби даврида (1789—1815) ҳарбий қўшиқ эди. Қўшиқнинг сўзи ва мусиқасини Клод-Жозеф Роже де Лилл ёзганди. У француз армиясининг капитани эди. 1795 йилда «Марселеза» Франциянинг миллий мадҳияси сифатида расман тасдиқланди.