Табиатда энг кўп тарқалган медузалардан бири ой медузалардир. Унинг косага ўхшаш танасида узун, сутранг шокила осилиб туради.
Катта медузаларнинг устида пушти ёки тўқ сариқ рангли, тўрт учли йўнғичқа барги шаклидаги лаппаги бор. Бу тўртта уч такрор яратиш аъзоларидир. Нар медузаларда улар уруғ ҳужайралари ишлаб чиқаради ва улар оғзи орқали сувга чиқиб кетади. Урғочиларида бу аъзолар тухум ишлаб чиқаради. Тухум уруғланиш жараёнигача, яъни сувдаги уруғ ҳужайралари билан бириккунга қадар танада туради.
Тухум оғзида осилиб турадиган узун, сузадиган бурмаларида ривожланади. Тухум қўйилган пайтда улар океан тубига ўрнашади. Улар вояга етган медузаларга ўхшамайди; полипларга айланади.
Ёш полиплар пайпаслагичлари билан озиқ топадилар ва бир неча ой ривожланадилар. Кейин ажабтовур ҳол содир бўлади. Полипларда нов униб чиқади. Полиплар аста-секин дарз кетаётган идишга ўхшаб қолади. Бу «идишнинг» бўлаклари бирин-кетин тарқала бошлайди. Ҳар битта бундай «бўлак» бора-бора катта медузага айланади.
Медузаларнинг ҳаёт тарзи ва кўпайиши жуда яхши йўлга қўйилган. Бу ҳаёт 600 000 000 йилдан зиёд давр мобайнида шаклланган. Медузалар Ердаги ҳаётнинг энг қадимий шаклларига киради ва бу даврда жуда оз ўзгарди.
Медузалар — балиқ эмас. Балиқларнинг ҳаммаси умуртқали ҳайвонлардир. Медузанинг эса умуртқаси йўқ. Уларнинг танаси ичи тешик ва илвираган сумкага ўхшайди.