Булут қандай озиқланади?

Балки булутнинг ҳайвон эканига ишонмассиз! У ҳайвонот оламининг энг ғаройиб вакилларидан бири бўлиб, ҳайвондан кўра ўсимликка кўпроқ ўхшаб кетади.

Булутларнинг беш мингдан ошиқ тури мавжуд. Улар ҳар хил, яшил, малла, сариқ, қизил ва пушти рангдан тортиб оқ ранггача бўлиши мумкин. Улар кўринишидан буклама елпиғич, гумбаз, шар ва воронкасимон оғизга ўхшайди.

Айрим булутлар дарахтлар сингари шох-шабба чиқаради. Бошқа бирлари сувости қоялари, йирик чиғаноқлар ва дарахтлар бўлаклари сиртига ясси булут матоси солгандай ясланиб ётади. Айримлари жуда майда бўлиб, узунлиги икки сантиметрга ҳам етмайди. Бошқалари, аксинча, йирик: баландлиги ёки эни бир метргача келади.

Вояга етган булутлар бир жойдан иккинчи жойга асло кўчиб юрмайди. Булут ҳайвон бўлишига қарамай, сиз тегинсангиз ҳам ҳеч нарса пайқамайди. Булутнинг на боши, на оғзи бор. Унинг на кўзи, на қулоғи, на бошқа бир сезги аъзоси бор. Ва яна булутлар юрак, ошқозон, мушак ва асаб системасига эга эмас. Агар тирик булутни иккига ажратиб кессангиз, тешик ёки у учидан бу учига тешилган шиллиқ массани кўрасиз.

Айни ҳоллар унинг ҳайвон эмаслигига ишонтирмайдими? Шундай экан, сиз унинг ҳайвон эканлигини аниқлаш мақсадида ҳатто олимлар нима учун узоқ вақт бош қотирганини тушунган бўлсангиз керак.

Хўш, булутни нимаси билан ҳайвонлар қаторига қўшиш мумкин? Албаттаки, унинг озиқланиши билан! Булут ўз овқатини тутиб ейди. У яшил ўсимликлар каби ўзига ўзи озуқа ҳозирламайди, аксинча, атрофидаги сувда ўсадиган ва яшайдиган майда ўсимлик ва ҳайвонлар билан озиқланади.

У бунга қандай қилиб эришади? Булутсимон деворлар сувдан майда ўсимлик ва ҳайвонларни тутиб қоладиган ғалвир ёки фильтрни эслатади. Доим ҳаракатланадиган, кичкина, қилсимон оёқлари ёрдамида булут танасидан сув ўтиб туради. Қилсимон ҳужайралар овқатни тутиб қолади. Қилсимон оёқлари пойида ёпишқоқ қоплама мавжуд ва овқат шу ерга илашади. Овқатнинг маълум бир қисми шу ерда ҳазм бўлади, қолган «саёҳатчи» қисми булут ҳужайраси орқали бошқа аъзоларига тарқалади.