Маккажўхорининг ипак попуги уруғ ишлаб чиқариш учун керак. Унинг чиқиш тартиби қуйидагичадир:
Маккажўхори қаттиқ поясининг узунлиги 2 — 6 метрга боради. Унинг тепасида попук пайдо бўлади. Бу эркак гулдир. Қуйироқда эса бир ёки бир нечта ўсмалар — келгуси сўталар тугунчаси ёки уруғдони ҳосил бўлади. Бундай тугунчаларнинг ҳар бири ипакдай майин толалардан иборат кокил чиқаради. Булар урғочи гулчалардир.
Ҳар бир тола уруғкуртак деб аталган ҳомиладан ўсиб чиқади. Улар бўлғуси сўтанинг атрофида қатор-қатор бўлиб жойлашади. Агар ипаксимон толалар эркак гулнинг чанги билан уруғланган бўлса, улардан ҳар бири дон — уруғ ишлаб чиқаради. Чангни тутиб олиш учун сўтани ўраб турган япроқлар орасидан майин ва нозик толалар ўсиб чиқади.
Гуллаш вақти етганида эркак гулларнинг кокили майда сарғиш чанг ишлаб чиқаради. Ёз эпкини чанг билан қопланган бошоқни силкитади ва у ҳар томонга учиб кетади. Шамол чангни чор атрофга ёйганида у поянинг қуйироқ қисмида жойлашган ипаксимон толаларга ҳам тушади.
Толалар учидаги оғизча чанг зарраларини тутади. Чанг толалар ичидан уруғкуртакка ўтади ва уни уруғлантиради. Тугунча катта сўтага, уруғкуртак эса донга айланади. Ўсаётган дон сутсимон суюқлик ва юмшоқ сариқ пўстлоқдан таркиб топади. Маккажўхори пишиши билан улар қаттиқлашади ва крахмалга тўлади.