Қандай қилиб маис маккажўхорига айланиб қолди?

Колумб Кариб денгизидаги ороллар кашф этилганидан бир неча йил ўтиб, Европага маълум бўлмаган бир ўсимлик, шунингдек, Куба аҳолисининг ундан фойдаланиш усули тўғрисида бир ёзув битиб қолдирди. Ҳиндулар уни маис деб аташган ва ишлов бериш йўлларини пухта эгаллашган. Уларнинг меҳнатсеварлиги ва тадбиркорлиги кўҳна маис экилган далаларни суғоришда ўз ифодасини топган. Перуда улкан суғориш тизими қолдиқлари сақланиб қолган. Фақатгина эни 4 метр бўлган бош каналнинг узунлиги 750 км. га етади. Айрим жойларда канал ер усти ёки остидан ўтган ва тош плиталар билан қопланган.

Яқин-яқин вақтларгача ёввойи ҳолда ўсадиган маисни топиш имкони бўлмаган. Шунинг учун ҳам олимлар унинг келиб чиқиши тўғрисида турли фаразларни ўртага ташлашган. Аммо Мексикада қазиш ишлари олиб борилаётган пайт 70 метр чуқурликдан ёввойи маиснинг гулчанги топилди ва ёши 60 минг йилга тенг экани аниқланди. Колумбнинг иккинчи сафаридан сўнг Европага келиб қолган бу ўсимлик янги ерларга тезда мослашиб кетди. У денгиз йўли орқали Олд ва Шарқий Осиёга ҳам етиб келди, у ерлардан Европага гоҳ Осиё буғдойи, гоҳ турк буғдойи номи билан қайтар эди. Серблар уни «кукуруза» деб атагач, уни болгарлар, руминлар, руслар ва украинлар ҳам ўзлаштиришди. Аммо дунёнинг кўпгина мамлакатларида у ўзининг ҳиндулар берган қадимий маис номи билан аталади.

Маккажўхори — иссиқсевар, шу билан биргаликда инжиқ бўлмаган ўсимлик. У иқлими мўътадил минтақалар билан биргаликда тропикларда ҳам ўсади ва бўйи 6 метргача боради. Унинг ёғочсимон катта пояси тураржойлар қуришда ишлатилади. Маккажўхори қурғоқчилик шароитида ҳам яшаб қолади ва яхши ҳосил беради. Ҳатто Анд тоғларининг бошқа ўсимлик ўсмайдиган ноқулай иқлим шароитида ҳам маис 70 кун ичида ўз умрини яшаб олади.

Маккажўхори попугидан тиббиётда кенг фойдаланилади. У сўта пишаётган вақт йиғилади, экстракт ва кукун, таблетка ёки чой сифатида ичилади. Унинг асосий фойдали нарсалари дони ва яшил массасидир. Маккажўхорининг тилла донидан итальянлар полента, руминлар ва молдаванлар мамалига, грузинлар мчади, ўзбеклар бодроқ тайёрлайди. Яшил масса эса ҳайвонлар учун яхши емишдир.