Ҳамиджон Ҳомидий. Маърифатни олқишлаб…

Машҳур давлат арбоби, жаҳонгашта файласуф адиб, маърифат яловбардори, форс ва араб тилида баробар ижод қилиб, шеърлар девони тартиб берган серқирра ижодкор Носир Хисрав Тожикистоннинг  Қубодиён туманида (1004) туғилиб, Балх, Тус, Нишопур мадрасаларида ўқиган. Замонасидаги диний, дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган олим салжуқийлар пойтахти Марвда 17 йил солиқ маҳкамасининг бошлиғи бўлиб ишлайди; Ажам ва Араб мамлакатлари бўйлаб 7 йил (баъзи манбаларда ўн йил дейилган) сафарда бўлади. Ана шу йиллар у халқнинг оғир аҳволини кўриб, қароматийлар ҳаракатига хайрихоҳлик билдиради. Оқибатда,  уламо ва зодагонлар таъқибига учрайди. Ҳаёти хавф остида қолганда аввал Нишопурга бориб олти ой яшайди. Фитна таъқибини ҳис этганда Мозандарон маркази Омулга кўчиб ўтади. Бу ерда ҳам атрофида ғаламислик пайдо бўлгач, Бадахшонга бориб,  Юмгон қишлоғида 20 йил ғорда яшайди, у ерда муаллимлик билан шуғулланиб, 1088 йили шу ерда вафот этади. Гарчи айрим қасидаларида Юмгондаги ҳаёти ҳаловатли ўтганини қайд этса-да, кўпчилик қасидаларида “Менинг маконим тош зиндон эди” деб махсус қайд этган; ҳаёти маҳзун, ғамгин ўтганига ишора қилган.

Носир Хисравдан бизга форс ва араб тилларида иккита шеърлар девони, “Сафарнома”, “Саодатнома”, “Рўшноинома”, “Жомеъ ал-ҳикматайн”, “Кушоиш ва раҳоиш”, “Важҳи дин”, “Зод ул-мусофирин” сингари бадиий асарлари; бир неча илмий рисолалари каби бой ижодий мерос қолган. Адибнинг ҳаёт йўли ва ижоди эрон, ўзбек ва тожик олимлари томонидан нисбатан мукаммал, атрофлича ўрганилган, аммо шоирнинг илмий мероси, араб тилидаги шеърлар девони ҳамда қасидалари ҳали жиддий ўрганилмаган; яқин йилларгача унинг қасиданавис ҳам экани маълум эмас эди.

2005 йили 17–18 сентябрь кунлари Лондон университетида “Носир Хисрав шеъриятининг фалсафий моҳияти” мавзусида жаҳон шарқшуносларининг халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Теҳрон университетининг ўқитувчиси Маҳди Муҳаққиқий шоирнинг 30 та қасидасини “Носир Хисрав қасидалари шарҳи” номи билан уларда учрайдиган арабий ибораларни кенг шарҳлаб, нашр эттирди.

Маълумки, қасида деганда аксарият бирон бир шахсга, тарихий воқеа ёки бирон бир шаҳар, тантана мадҳига, ғалаба васфига бағишланган асар тушунилади. Тўғри, Рўдакийдан тортиб баҳор таърифи, май мадҳи, ҳасби ҳол моҳиятидаги қасидалар, Хоқоний, Муъиззий, Арварийларнинг ижтимоий-сиёсий қасидалари мавжуд. Аммо бир мавзу доирасидаги ёки таълимий-маърифий, даврни танқид руҳидаги туркум қасидалар фақат Носир Хисрав ижодигагина хос фавқулодда ҳодиса ҳисобланади. Шу жиҳатдан, шоир қасидаларини мавзу ва ғоявий йўналишига кўра қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:

  1. Ҳасби ҳол, тақдирдан шикоят ва саргузашт мавзусидаги қасидалар.
  2. Илм-маърифат, сўз, қалам таърифи ҳамда исломий аҳкомлар тарғибига доир қасидалар.
  3. Замон иллатлари фош қилинган, зулм-зўрлик танқид этилган ижтимоий-фалсафий руҳдаги қасидалар.

Афтидан, адиб Шарқ мамлакатлари бўйлаб 7 йиллик сафар таассуротларини дастлаб шеърда битган. Зероки, 138 байтдан иборат бир қасидасида тоғу тошларни, саҳрою даштларни кезиб, дарёю денгизларни кечиб, баъзан ҳаётини хавф остида қолдириб, турли тоифа, қавм вакиллари билан мулоқотда бўлганини тасвирлаб, “олти йил Маккада мужовир бўлдим” деб қайд этган; тўрт марта Ҳаж тавоф этганини уқтирган. Қасидада сафар давомидаги оғир, изтиробли, таҳликали лаҳзалар, айрим одамлар билан тўқнашув, баҳсу мунозаралар анча дардчил, таъсирчан ифодаланган. Демак, бу асар манзума-саргузаштноманинг илк намунаси сифатида ҳам адабиётимиз тарихидаги муҳим бир бадиий ҳодиса ҳисобланади.

Шоир қасидалари орасида иккитаси бевосита ҳасби ҳол моҳиятига эга. Уларда, бир томондан, Носир Хисрав дин-диёнат, илм-маърифат йўлида риёзат чекмай, кенг халқ оммаси орасида юриб, уларнинг корига ярамай, маҳкамада ўтган умри учун афсус-надомат чекади. Иккинчи томондан эса, мартаба-мансаби қўлдан кетгач, аксарият ҳаммаслаклари “юзингда кўзинг бормиди” демай кетганидан, кимни “дўсти жоний” деб билган бўлса, бевафо, мунофиқ, иккиюзламачи бўлиб чиққанидан нолийди. Қадим дўстлардан меҳр-мурувват ўрнига фитна, жабр кўради; кимга умид билан юз ўгирсам, ҳосили дарду ранж бўлди, деган шоир қуйидагича хулоса чиқаради:

Гашт бар ман рўзу шаб чандонки, гашт аз гашти ў,
Мўи ман монанди рўз ва рўйи ман монанди шаб.

(Кечаю кундуз менга шундай азият бердиларки, юзларим кечадай қорайиб, сочларим кундуздай оқариб кетди). Бундай қасидаларда Носир Хисрав қаерга борса, “бало-қазо рўбарў бўлгани”, “жабру жафо пешвоз”, юзида кулги, табассум ўрнини ғам-ҳасрат” олганини қайта-қайта таъкидлаб ўтган.

Шоир асарлари орасида фахрия моҳиятидаги қасидалар ҳам бор. Масалан, 20-қасидада ёзувчи турли баҳолардаги ғазаллари, маснавию насрий асарлари билан китобхонлар қалбини забт этганидан фахрланади.

Бир неча қасидаларида Носир Хисрав мавжуд ижтимоий тузум иллатларини қаттиқ танқид қилади; салжуқийлар салтанатининг охирги йилларидаги бошбошдоқликлар, феодал ўзаро низоларнинг мудҳиш оқибатларини оташин мисраларда тасвирлаб, юрт аҳлини бирлик, аҳилликка чорлайди. Маълумки, салжуқийлар ҳокимиятининг заифлашганини сезган Дашти Қипчоқ хонлари, тоғли ғўзлар Хуросоннинг марказий шаҳарларига ёпирилиб халқни талайдилар, обод шаҳарларга ўт қўядилар; юртда талон-тарож, зулм-зўрлик авж олади. Адибнинг “Эй Хуросон!” деб бошланадиган қасидасида ана шу ҳолат тасвирланган; Марв, Нишопур, Сиистон каби гул-гул яшнаган маърифат масканлари харобага айланганидан қаттиқ куюнади:

Кунунки деви Хуросон ба жумла вайрон кард,
Аз ў чигуна ситонам замини вайронро.
Чу халқ жумла ба бозори жаҳл рафтандаст,
Ҳаме зи бим наёрам гушод даҳонро
(Ўша китоб, 39-бет).

(Девлар бутун Хуросонни вайрон қилган бир пайтда улардан бунинг сабабини қандай сўрай оламан. Барча халқ жаҳолат бозорига кетишгач, қўрқувдан ўзгаларни (яъни, адолатли ўтганларни) ёд этолмайман).

Шоир юртни “ғажиб ётган бўри”ларни, мансаб-мартаба, нафс деб уларга лаганбардорлик қилаётган амалдорларни, маддоҳ шоирларни аёвсиз танқид остига олади; фош этади; “адаб ўрни бўлмиш Хуросон юрти, энди нокас девлар уясига айланди”, дейди. Уларнинг касофатига халқнинг арғувон юзи қаҳрабо, “алиф”дек қомати мисоли “нун” бўлди, дейди.

Гурги дарранда гарчи куштаниаст,
Беҳтар аз мардуми ситамкораст.
Аз бадии гўрг растан осон аст,
Ва-з ситамкори сахт душвораст
(Ўша китоб, 48-бет).

(Дарранда бўрини ўлдириш зарур бўлса ҳам, у зулмкор одамлардан яхшидир. Ситамкор қўлидан қутулишдан ёмон бўри чангалидан халос бўлмоқ осонроқдир).

“Яхши феъл яхшилик ганжининг калитидир”, деган шоир бир неча қасидаларида бу дунёда илм ўрганиб, яхши хислатларга эга бўлиб, “даҳрда яхши” деган ном қолдиришга даъват этади. Бунинг учун эса илми маъқул ва илми манқулни ҳар томонлама пухта эгаллаб, мол-дунёга, амал-мартабага ҳирс қўймаслик керак, дейди санъаткор:

Ҳар, ки дунёро ба нодони ба барнои бихўрд,
Хўрд ҳасрат чун ба рўяш боди пири барвазид.
Гашт бадбахти жаҳону шуд ба нафрину хази,
Ҳар ки ўро деви дунёжўи дар паҳлў хазид.
(Ўша китоб, 103-бет).

(Кимдаким дунёни нодонлик ва бебошлик билан еса, қарилик шамоли эсгач, ҳасратда қолди. Кимдаким дунёпарастликка мубтало бўлса, бадбахт бўлди, лаънатга қолди).

Китобдаги ўн биринчи қасида илм ва донишмандлар таърифига бағишланган. Шоир олимларни сермева хурмога ўхшатса, бехирадларни қўққайган теракка ўхшатади ва китобхонларни ҳаёт мактабидан сабоқ олиб, сермева, халққа наф келтирадиган дарахтга ўхшаб ўсишга ундайди:

Ту хоҳи бори ширин бош бехор,
Ба феъли акнун ва хоҳи хорй бебор.
Агар бори хирад дори ва гар на
Сапедори, сапедори, сапедор
(Ўша китоб, 108-бет).

(Мевасиз тиканак бўлишни истамасанг, ширин ҳосилли дарахт бўл. Агар хирадмандлик (яъни, илм) ҳосилига эга бўлмасанг, тераксан, тераксану тераксан).

Илм тарғибига бағишланган айрим қасидалар халқ мақоллари, ҳикматли сўзлар, ранг-баранг бадиий-тасвирий воситалар, бетакрор ўхшатишлар билан зийнатланган. Бундай байт ёки мисралар ҳикматли сўзлар моҳиятини эслатади.

Хулоса қилиб айтганда, X–XII асрлар адабиётида қасида жанри алоҳида мавқега эга бўлди. Хоқоний Шервоний, Анварий, Амир Муиззий, Абулҳасан Унсурий, Фаррухийлар бу жанрнинг оддий мадҳия, таъриф-тавсифлар қамровини кенгайтирди, мавзу доирасини ривожлантирди. Носир Хисравнинг бу силсилада ўзига хос ўрни ва мавқеи бор. Чунки у ўз қасидаларида “базму тарабни ҳам, ишқу маъшуқани ҳам, айшу ишрат, майни ҳам, амиру амалдорларни ҳам, мадҳ этмай” (Маҳди Муҳаққиқий) фақат ҳаётни, табиат гўзалликларини, Наврўзи оламни васф этди, юксак инсоний хислатлар, илм-маърифатни ташвиқ қилди. Айни пайтда шоир ўндан зиёд қасидаларида ўзаро феодал низолар, босқинчилик урушларини қаттиқ қоралади, халқи, юрти бошига тушган кулфатлардан эзилди, “боши тиззасида бўлиб қолган” халқига куйинди. Унинг қасидалари ўзига хос панднома, сафарнома, баҳориялар, исломий аҳкомларнинг тарғибий ойнасидир. Демак, Носир Хисрав Шарқда қасида жанрини мавзу, ғоявий йўналиш жиҳатидан янги тараққиёт чўққисига олиб чиққан санъаткор экан. Шунинг учун ҳам Носир Хисрав қасидалари махсус илмий тадқиқот мавзуси бўлишга тўла арзийди. Улар ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 2-сон