Сиз Атлантика океани тўғрисида гапираётганингизда, фақат сувнинг юқори қатламини назарда тутаётган бўласиз. Лекин ўша сув остида, океан тубида нима бор?
Энди, мен Нью-Йоркдан Атлантика океани орқали шарққа саёҳат қиляпман, деб фараз қилинг. Шунда кўз олдингизда қандай манзара пайдо бўлишини биласизми?
320 км давомида океан туби ўртасига пасайиб боради. Одатда, у текис ҳолда, аммо баъзи ўринларда У-симон водийлар ва канъонлар ҳам учраб туради. Худди ана шулар Шимолий Америка қитъасининг бир қисми ҳисобланади ва континентал шельф деб аталади. Улар жуда пастда жойлашгани учун сув юзасига чиқмайди.
Тахминан, 360 метр чуқурликда шельф бирдан тугаб қолади. Энди сув туби аста-секин пасайиб бормасдан, жарлик пайдо бўлади. Бу жой қитъанинг чеккасидир. Ундан кейин нишаблик бошланади ва океан тубига олиб тушади.
Бу нишаблик бўйлаб борилса, 4 км чуқурликка тушилади. Сўнгра биз океаннинг энг чуқур еридан ўта бошлаймиз. Бу ерда океан туби текисдир. У чуқур сув ости текислиги деб аталади. Бундай текисликлар океан майдонининг учдан бир қисмини эгаллайди ва Ердаги энг текис жойлардан ҳисобланади. Океан ости бўйлаб саёҳатни давом эттираверсак, сув ости тепаликларига етиб борамиз. Уларнинг айримлари қирларни эслатади. Тизмаларнинг ярмига етгач, қирлар баланд ва тик бўлиб боради. Айрим қирлар океан туби сатҳидан 1 500 м.гача кўтарилади. Тоғлар орасида юзаси текис чуқур сув ости водийлари бор. Тизманинг ўртасида энг катта сув ости водийси мавжуд. У бир тизманинг икки қисми ўртасидаги синиққа ўхшайди.
Агар ҳаракатимизни яна шарқ томон давом эттираверсак, чуқур сув ости текислигини кесиб ўтамиз. Бу текислик аста-секин кўтарила бориб, бизни Португалия қирғоқлари бўйидаги континентал шельфга олиб чиқади. Атлантика океани тубининг манзараси мана шундай.