Камалак табиатнинг энг гўзал ҳодисаларидан биридир, одамлар унинг қандай ҳосил бўлиши ҳақида қадим замонлардан бери бош қотириб келишади. Ҳатто, қадимги юнон файласуфи Аристотель — Арасту ҳам камалакнинг содир бўлиши сабабини тушунтириб беришга уринган эди.
Қуёш нури ёки оддий оқ нур барча рангларни ўзида жам этгандир. Сиз қия турган кўзгунинг бир четига ёки совун пуфаги юзасига нур тушганини ҳеч кузатганмисиз? Оқ нур турли рангларга бўлиниб кетади. Шунда биз қизил, зарғалдоқ, сариқ, яшил, кўк ва бинафша рангларни кўрамиз.
Нурни турли рангларга ажратувчи нарса «призма» деб аталади. Ҳосил бўлган ранглар ўзаро бирикиб кетувчи чизиқлар ҳошиясини ҳосил қилади ва бу «спектр» деб аталади.
Камалак ҳам катта эгилган спектр ёки ёмғир томчилари орқали ўтиб синадиган нурнинг ранго-ранг чизиқларидан иборат тасмадир. Бу ҳолда ёмғир томчилари призма вазифасини бажаради.
Камалак жала ёғаётганда чиқади. Бу вақтда, бир томондан ёмғир ёғаётган, бошқа тарафдан эса қуёш чарақлаб турган бўлади. Камалакни кўриш учун сиз қуёш (орқангизда туриши керак) ва ёмғир (олдингизда ёғаётган бўлиши керак)нинг ўртасида бўлишингиз лозим. Қуёшдан тушаётган нурлар ёмғир томчиларига тушиб спектр ҳосил қилади. Қуёш, сизнинг кўзларингиз ва камалак маркази бир чизиқда бўлиши керак.
Агар Қуёш жуда баландда бўлса: бундай тўғри чизиқ ўтказиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам камалакни фақат эрталаб ёки кечга яқин кузатиш мумкин. Тонгги камалак Қуёш шарқдан нур сочаётгани ва ёмғир сизнинг ғарб тарафингизда ёғаётганини кўрсатади. Тушдан кейинги камалак эса Қуёш Ғарбдан нур сочаётгани ва сизнинг шарқ тарафингизда ёмғир ёғаётганини билдиради.
Хурофотчи кишилар камалакни, ёмонлик аломати, деб билишган. Улар, марҳумларнинг жони нариги дунёга камалак орқали ўтади, камалак пайдо бўлганда эса, кимдир ўлади, деб ҳисоблашган.