Илонлар ҳаракатига назар солганингизда, биринчи навбатда икки нарсадан ҳайрон қоласиз. Биринчиси, у қандай ҳаракатланади: оёқлари кўринмайди, унинг танасини ҳеч нарса олдинга сураётгани ҳам, тортаётгани ҳам йўқ — барибир ҳаракат қилмоқда! Иккинчиси, илон танаси ер бўйлаб сузиб боради, гўё суяксиздай!
Шунга қарамай илоннинг суяги кўп, бу аниқланган! Илонлар қовурғаси бириккан улама умуртқага эга. Айрим илонларнинг эгилувчан умуртқасига 145 жуфтгача қовурға бирикади. Умуртқа поғоналари бир-бирига ўзига хос шарнирли бирикмалар билан бирикади, ҳар бир бўғинга қовурғаларнинг эркин ҳаракат қилишига имкон беради.
Ҳар бир жуфт қовурғанинг учи, ўз навбатида, илон қорнидаги лаппак (тангачалар) мушакларининг биттаси билан уланади.
Илонларнинг боши ва жағларида суяги бор. Овқатланаётган пайти илон ўз жағларини кенг очиши мумкин, чунки оғиз ва томоқ суяклари қаттиқ бирикмаган. Очиғини айтсак, илонлар ўз ўлжасини ўлдирмасдан туриб ҳам ютиб юбораверади. Улар ўлжасини тириклай ҳазм қилади.
Илонларнинг силлиқ танаси қандайдир қаттиқ ўзакка бирикмагандай туюлгани билан уларнинг суяги мавжуд.