Агар уйингизда, айтайлик, яхши кўрган мушугингиз ёки кучугингиз бўлса ва унга жуда ўрганиб қолган бўлсангиз, баъзида уни одам тарзида ҳис қилишингиз мумкин. Гўё у ўз ҳиссиётларини, ўз ҳаяжонларини инсон каби ифодалаш, яъни йиғлаши, кулиши ва шу кабиларни амалга ошириши мумкиндек туюлади.
Аммо аслида бундай эмас. Фақат инсонгина кулиши ва йиғлаши мумкин, бошқа жонзотлар эмас. Албатта, ҳайвонлар оғриқ сезганда зорланиши — ингиллаши, ангиллаши мумкин, аммо ҳеч қачон кўзларида ёш пайдо бўлмайди.
Аммо бу уларнинг кўзларида ёш суюқлиги йўқ деган маънони англатмайди, ундан мугуз пардасини сақлаш мақсадидагина фойдаланилади. Йиғлаш учун фикр юрита олиш ва ҳиссий таъсирчан бўлиш лозим. Ҳатто болалар ҳам туғилган чоғларида йиғлашни билмайдилар. Чақалоқ йиғламайди, у шовқин солади, холос.
Йиғи маълум маънода гаплашиш ўрнини босади. Биз кечинмаларимизни айта олмаганимизда, уни йиғи билан алмаштирамиз. Бу рефлекс бўлиб, у бизга боғлиқ бўлмайди ва бизни чулғаб олган ҳиссиётлардан халос бўлишимизга ёрдам беради.
Кулги ҳам инсонга хос ҳодисадир. Баъзида у еки бу ҳайвон кулаётгандек туюлади, аммо бу табиатан инсоний кулгидан фарқ қилади. Чунки бу ҳолат инсон сезгисига хос бўлган маълум руҳий жараён ёки ҳис-ҳаяжон оқибати эмас.
Биз қандайдир ҳазил туфайли кулсак, бу ақлимиз уни кулгили деб топганлигининг оқибатидир. Кулги ва уни келтириб чиқарувчи сабабларнинг тури кўп: кулгили ҳодиса (масалан, мўъжазгина соябон кўтариб олган бақалоқ, барзанги эркак), кулгилилик (масхарабоз), юмор (ҳазил) ва ҳоказо. Биз ҳатто нафратланган ҳолда кулишимиз ҳам мумкин.
Психологлар кулгини ижтимоий ҳодиса деб ҳисоблайдилар. Биз у ёки бу ҳодисани кулгили деб топган одамлар орасида куламиз. Ҳайвонлар эса бу сабабларнинг биронтаси туфайли кулолмайди.