Уйқу — барчага тааллуқли ҳодиса. Жами тирик мавжудот унга эҳтиёж сезади. Уйқунинг давомийлиги кўплаб омилларга боғлиқ бўлади. Россия Европа қисмининг марказий ва жанубий минтақаларида уйқуни ниҳоятда яхши кўрадиган мўъжазгина бир ҳайвон яшайди. Унинг номини ҳам уйқучи деб аташади. Бутун кунни у дарахт ковагидаги уясида беташвиш уйқуда ўтказади, фақат қоронғи тушгандагина бир оз чигилни ёзиш ва ул-бул истеъмол қилиб олиш учун 2—3 соатга уйғонади.
Уй ҳайвонлари ҳам кўп ухлайди: улар ёввойи авлодлари емиш излашга сарфлайдиган вақтни тежайди. Эрталаб ишга кетаётиб хонадонда қолдириб кетилган ит, одатда, бутун кун бўйи эгалари қайтгунга қадар ухлайди, аммо тунда ҳам уйқусизликдан азобланмайди.
Қушларнинг кўпчилиги қоронғи тушиши билан уйқуга кетади. Фақат баҳорда — жуфтлашиш даври келганда улар кечқурунлари ва тонг саҳарда, шимолда эса бутун тун бўйи ишқий наволар айтиб чиқади.
Очофатлар ҳаммадан кам ухлайди. Кўрсичқон бир кунда жуда кўп миқдорда қуртлар ва ҳашаротларни тўплаши керак бўлади, ухлаш учун унга беш соатча вақт қолади.
Уйқу табиатига кўра ҳайвонлар кундузги ва тунги ҳайвонларга ажратилади. Гарчи одамлар кундузги мавжудотларга мансуб бўлсалар-да, кўпларга куннинг иккинчи ярмида, кечқурун ва ҳатто тунда ишлаш осонроқ туюлади. Бундай одамларнинг уйғонишлари қийин ва ухлашлари ундан ҳам қийин бўлади. Бошқалар, аксинча, эрталаб ўринларидан енгилгина ва сакраб турадилар, куннинг биринчи ярмида сермаҳсул ишлайдилар, кечқурун эса эрта ухлашга ётадилар. Тунда ишлаш бундай кишилар учун азобнинг ўзгинасидир. Бу уйқумиз ритмининг туғма хусусиятларига боғлиқ бўлиб, инсон буни ўзгартиришга қодир эмас.
Кичик ёшдаги болалар ва уй ҳайвонлари туну кун бир неча марта ухлайди. Ўз уйқусини майда-майда қисмларга бўладиган ҳайвонлар ҳам мавжуд. Куракоёқлилар салбий сузувчанликка эга, яъни улар сувда ҳаракат қилмай туролмайди. Шунинг учун қирғоққа ёки муз устига чиқишнинг имкони бўлмаганда, улар бир-икки дафъа тоза ҳаводан нафас олиш учун мунтазам сув сатҳига чиқиб туришга мажбур бўлади. Шимолий денгиз фили эса сув тубида уч-тўрт минут ухлайди. Аммо қаттиқ ўринда ҳам улар тўйгунча ухлай олмайди. Муз устига чиқиб олган нерпа, бор-йўғи икки-уч минут ухлайди, сўнгра бошини кўтариб у ёқ-бу ёққа аланг-жаланг қарайди ва хавф йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, яна икки-уч дақиқага уйқуга кетади.