Тирик организм борки, ўлиб қолмаслиги учун нафас олади. Нафас олиш жараёни — бу кислород олиш учун ҳаво ютиш ва қолдиқ ҳавони чиқариб юборишдир. Биз нафас чиқараётган ҳавода кислород йўқ, унда карбонат ангидрид гази ва сув буғи бор.
Биз ютадиган кислород баъзи овқатларни «куйдириши», яъни организм уларни ҳазм этиши учун керак. Таркибида сув буғи ва карбонат ангидрид гази мавжуд бўлган қолдиқларнинг бир қисми организм томонидан парчалаб ташланади, бир қисми эса ташқарига чиқариб юборилади.
Медуза ва кўпгина чувалчанглар жуда содда шаклда нафас олиб чиқаради. Уларнинг мутлақо нафас олиш аъзолари йўқ. Сув таркибидаги кислород териси орқали сингдириб олинади, карбонат ангидрид гази эритмаси худди шу йўсинда ташқарига чиқиб кетади. Уларнинг нафас олиш ва чиқариш борасидаги бор гап мана шу.
Мураккаброқ тузилишга эга бўлган ер чувалчангларининг махсус суюқлиги — қони кислородни терисидан олиб, ички аъзоларига тарқатади ва ташқарига карбонат ангидрид гази чиқаради. Айтганча, баъзан қурбақалар ҳам шу йўсинда, терисидан нафас олиб чиқариш аъзоси сифатида фойдаланади. Аммо уларнинг ўпкаси бор ва ундан кислород етишмай қолгандагина фойдаланади.
Кўпгина ҳашаротлар ғайритабиий ва қизиқарли равишда нафас олади. Агар уларнинг қорин бўшлиғига қарасак, терисида жуда кўп майда тешиклар борлигини кўрамиз. Мана шу тешикчалар найчаларга кириш йўлидир, биз уларни нафас олиш найлари деб атаймиз. У инсоннинг нафас олиш найлари каби ҳаракат қилади! Шундай қилиб, ҳашаротлар ҳам биз каби нафас олади, аммо уларнинг қорин бўшлиғида юзлаб нафас олиш найлари жойлашган бўлади. Бу найлар ҳашаротдек майда мавжудотларнинг кўп жойини эгалламайди. Аммо сиз одамда ҳам мана шундай нафас олиш системаси бўлишини тасаввур эта оласизми? Бошқа аъзолар учун жой тегмай қоларди!
Айтганча нафас олиш суръати (яъни қанча тез нафас олишимиз) жониворнинг ўлчами билан белгиланади. Ҳайвон қанчалик катта бўлса, у шунчалик кам нафас олади. Масалан, фил бир дақиқада 10 марта, сичқон 200 мартагача нафас олади!