Гирдоб ва торнадо бир-бирига жуда ўхшаш. Гирдобни «денгиздаги торнадо» деб ҳам аташ мумкин. Аввал торнадонинг ўзи нима эканини билиб олайлик.
Торнадо — ҳақиқий айлана кўринишидаги штормдир. У момақалдироқ гумбурлаётган ҳудудда қора суйри (воронкасимон) булут кўринишида пайдо бўлади. Суйри булут пайдо бўлишига сабаб ҳавонинг совуши ҳисобига намнинг йиғилишиб қолишидир. Булут ҳавоси совиган бутун ҳудудда ҳосил бўлади.
Торнадо соат мили бўйлаб ёки унга тескари айланиши мумкин. Торнадонинг Ерга тегиб турган қисми кенглиги ўртача 175—365 метр бўлади ва у бир неча километрдан тортиб 80 км.гача бўлган масофани босиб ўта олади.
Гирдоб (торнадо) ичида айланаётган ҳавонинг тезлиги соатига 500 км.га етиши мумкин. Торнадо Ерга тегадиган жойларда кучли талофат юз беради. Масалан, у уйларни ер билан яксон қилиши ёки бир неча юз метрга кўтариб олиб бориб ташлаши мумкин.
Торнадо («гирдоб» ёки «циклон» номлари ҳам бор) йилнинг исталган фаслида содир бўлиши мумкин, аммо баҳор ва ёз ойларида бошқа вақтдагига нисбатан беш марта кўп рўй беради. Улар, одатда, кундузи қўзғалади.
Баъзи ҳолларда гирдоб қуруқликда қўзғалгач, сувликка кўчган оддий торнадо бўлиши ҳам мумкин. Аммо кўп тарқалган гирдоблар тропиклардаги денгизлар ва кўллар устида ёки йилнинг илиқ пайтлари ўрта кенгликларда пайдо бўлади. Улар тўғридан-тўғри сув устида қўзғалади, суйри булутлар эса ёмғир булутлари ва тўда булутлардан ҳосил бўлади.
Суйри (воронка)нинг қуйи қисми, сув юзасига яқинлаша бориб, дастлаб сувнинг устки қисмини айлантиради, натижада сув зарралари булути ҳосил бўлади. Суйри булут дастлаб сув булути ичига тушади, сўнгра сув гирдобини баландга торта бошлайди. Гирдобнинг асосий қисмини ташкил қиладиган сув ёмғир сувларидан таркиб топгани учун ҳам доимо тоза бўлади.
Гирдоб, одатда, бир неча дақиқа давом этади ва чегараланган ергагина таъсир кўрсатади. Гирдобларнинг аксарияти ҳаво температураси баланд бўлган ва момақалдироқ гумбурлаётган совуқ сувлар устида қўзғалади.