Инсоннинг Ой ва бошқа сайёраларни ўзлаштираётгани тўғрисида ўқиганимизда, биз атмосфера билан боғлиқ саволларга тез-тез дуч келиб турамиз. Бошқа сайёраларда ҳам атмосфера борми?
Олимлар аниқлашича, ҳеч бир сайёра ёки юлдузнинг Ерникига ўхшаш атмосфераси йўқ. Атмосфера ўзи нима? Биз уни Ерни ўраб турган ва бир неча юз мил баландликка эга бўлган ҳаво океани сифатида тасаввур қилишимиз мумкин.
Ҳаво океанининг бутун Ер юзидаги таркиби бир хил. У, асосан, маълум бир газлардан таркиб топган бўлиб, уларнинг пропорцияси доимо бир хилдир. Унинг, тахминан, 78 фоизини азот, 21 фоизини кислород, қолган бир фоизини камдан-кам тилга олинадиган аргон, неон, гелий, криптон ва ксенон газлари ташкил этади.
Ер атмосфераси бир-биридан фарқ қиладиган қатламларга бўлинади. Баландлиги 16 км бўлган қуйи қатлам тропосферадир. Бу қатламда об-ҳаво шаклланади. Баландлиги 16 км.дан 48 км.гача бўлган қатлам стратосферадир.
Стратосферанинг ўртасида, тахминан, 20—25 км баландликда Ердаги жамики жонзотни зарарли қисқа тўлқинлар нурланишидан сақлаб турадиган озон қатлами бор. Озон кислороднинг ўзига хос шаклидир, унинг молекуласи одатдаги икки ўрнига уч атомдан таркиб топади. Иссиқ озон қатлами бизни Қуёшнинг ўта фаол ультрабинафша нурларидан асрайди. Унинг ёрдамисиз Қуёш нурига чидаб бўлмайди. 100 км.дан юқоридаги қатлам ёки қатламлар ионосфера деб аталади. Ионосфера Қуёш электрлаган зарралардан иборат.
Ҳаво молекулалари доимий ҳаракатдадир. Атмосфера молекулалар бир-бири билан тўхтовсиз тўқнашиб турган, аммо бошқа ёқларга учиб кета олмайдиган шароитдагина мавжуд бўлиши мумкин. Юқорига кўтарилган сари ҳаво сийраклашиб боради. Пастдаги молекуланинг тепадагиси билан тўқнашгач, яна орқага қайтиш эҳтимоли ниҳоятда кам. Шунинг учун ҳам молекулалар очиқ фазога чиқади ва атмосфера сийраклаша боради. Экзосфера деб аталувчи зонада атмосферадан юлқиниб чиқиб кетган молекулалар эркин ҳаракат қилади ва бу зона Ер юзасидан бир неча юз километр баландликдан бошланади.