Ҳавонинг оғирлиги борми?

Ерни ўраб турувчи ва кўплаб мил масофа юксакликка чўзилиб кетган улкан ҳаво океани Ернинг тортиш кучи таъсири билан ушлаб турилади. Шунга асосан, ҳаво ҳам муайян оғирликка эга. Ҳаво бутун атрофимизни қуршаб тургани учун ўзи тўлдирган ҳар бир предметнинг оғирлигини кўпайтиради. Масалан, волейбол тўпида унча кўп бўлмаган миқдорда ҳаво бор. Агар дам солинган ва дами чиқарилган иккита тўпни тортиб кўрсангиз, дами чиқарилган тўп енгилроқ эканини кўрасиз.

Сиз кўрмасангиз, таъмини тотмасангиз ёки (ҳарқалай шамол турмаган пайтда) сезмасангиз ҳам ҳаво бўшлиқ эмас. Ҳаво бизни ўраб турган материянинг бир бўлагидир.

Ҳаво материя бўлгани учун ҳам Ернинг тортиш кучи уни ўз юзаси яқинида, космик фазода йўқ бўлиб кетишига йўл қўймай, тутиб туради. Шундай қилиб, гарчи биз сезмасак-да, ҳавонинг вазни бор. У ҳаво бизнинг танамизга ҳар томондан кўрсатаётган босимда намоён бўлади. Мабодо, денгиз қаърига тушиб қолсангиз ҳам сиз худди шундай босимни ҳис қиласиз. Фақат бу босим ҳавоники эмас, сувники бўлади.

Ҳавонинг улкан массаси Ерни жуда катта босим билан босиб туради, у ҳар кв.см ерни 1 кг юк билан босади.

1 кг атмосфера баландлигига тенг бўлган 1 кв.см ҳаво устунидир. Сизнинг кафтингиз майдони — тахминан, 77 кв.см. Энди кафтингизга 77 кг юк қўйилишини тасаввур қилиб кўринг. Буни сезмаётганингиз сабаби шундаки, кафтингизга тепадан қанча юк босса, уни остидан шунча ҳаво кўтариб туради. Бошингизни эса ҳаво 270 кг куч билан босади, миянгизнинг қатиғи чиқиб кетмаётганига сабаб, танангизда ташқи ҳаво босимини мувозанатга келтириб турадиган ички ҳаво мавжудлигидир.

Агар Ер юзасидан юқорига кўтарилсангиз, масалан, тоққа чиқсангиз ёки самолётда учсангиз, ундан узоқлашган сари ҳаво босими камайиб боришини кўрасиз.

(Масалан, тоғ чўққисига) баландроқ кўтарилганингиз сари тепангиздаги ҳаво камайиб, босим ҳам тушиб боради. 6000 метр баландликда 1 кв.см.га, тахминан, 0,4 кг, 3000 метр баландликда эса 0,7 кг босим тўғри келади. Агар 100 км баландликка кўтарила олганингизда эди, у ерда деярли босим йўқлигини сезишингиз мумкин бўлар эди.