Денгиз сувўтлари қандай ўсади?

Агар уйингизда аквариум — ойнажом бўлса, ундаги сув юзасида қаердандир кўкимтир тўшқинлар пайдо бўлиб қолганини кўргансиз, албатта. Булар — сувўтлар. Кўл ёки ҳовузларда чўмилганингизда, оёғингизга илашиб қоладиган бақатўнлар ҳам сувўтлардир. Сувўтларнинг минглаб турлари бор. Улар ботқоқликларда, ҳовузларда, дарёларда ва ҳатто океанларда ҳам ўсади. Уларнинг катталиги ҳам турличадир. Сувўтларнинг ўлчами майда ғовак микроорганизмлардан узунлиги 30 метргача бўлган зич ва мустаҳкам денгиз ўсимликларигача етади.

Сувўтлар ўсимликлар дунёсининг энг содда шаклларидир. Улардан айримлари бир мустақил ҳужайрадан таркиб топган. Бошқалари узун занжирлар ҳосил қилади. Яна бошқа бирлари эса ҳужайраларнинг бутун бошли тармоғини вужудга келтиради. Баъзилари ажралиб чиқиб, янги жойларга кўчиб ўтади.

Сувўтлар таркибидаги хлорофилл Қуёш нурларини ютишга, уларга ўзлари учун озиқ моддалар ишлаб чиқаришга ёрдам беради. Сувўтлар айнан шуниси билан ўзларига қариндош ўсимлик бўлмиш замбуруғлардан фарқ қилади.

Яшил сувўтлар тургун сув ҳавзаларида сув юзасидаги тўшқин сифатида кенг тарқалган. Айрим улкан денгиз сувўтлари ва ламинария (қўнғир сувўтлар)да сарғиш-малла пигмент ҳам бор. Айрим малла сувўтларнинг пояси шу қадар мустаҳкам ва пишиқки, улардан арқонлар ҳам тайёрлаш мумкин. Айрим сувўтлардан йод олинади.

Қизил сувўтлар шакли нозик энг чиройли денгиз ўсимликларидир. Улар анвойи қизил рангларга эга ва бўлиқ ўсадиган жойларда денгиз сувининг ранги ҳам Қизил денгиздаги каби қизғиш рангда бўлади.

Диатом сувўтларнинг майда тангаси бор. Сувўтлар нобуд бўлгандан сўнг бу тангалар денгиз тубига тушади ва бир неча метрдан иборат чўкиндилар ҳосил қилади.