Чўртанбалиқ рус халқ эртакларининг севимли қаҳрамонларидан ҳисобланади. Иван галварсга: «Чўртанбалиқ амридай, ўзим истаганимдай», дейилса бас, унинг барча эзгу мақсадлари руёбга чиқади.
Кўплар эртакдагидек кучли, ғайриоддий балиқларни чуқур дарё ҳавзаларида яшайди, деб тасаввур этадилар. Ўз ўлжасини анча-мунча ошириб-тошириб гапирадиган нафақат балиқчилар, ҳатто айрим тажрибали табиатшунослар ҳам қандайдир дарё чуқурликларида ёки тубсиз кўлларда 100 йил ёки ундан ҳам узоқроқ яшайдиган, узунлиги 5 метрга етадиган чўртанбаликлар яшириниб юрибди, деб самимий фараз қиладилар. Аслида, ҳозирга қадар ҳеч ким бундай чўртанбалиқни тутмаган, балки илгарироқ тутишгандир?
Чўртанбалиқлар, тўғрироғи, уларнинг қолдиқлари ва суяклари, археологик қазилмалар чоғи қадимий одамлар манзилларидан тез-тез топилади. Шундан аёнки, аждодларимиз бу балиқни жуда қадрлашган. Ҳозиргача 59 та қадимий манзилгоҳлар текширилганда, 12 мингдан ошиқ чўртанбалиқлар қолдиғи топилган. Устига устак эрамиздан олдинги 3 минг йилликда Москва дарёси ва Клязма дарёлари бўйидаги манзилгоҳларда учрайди. Лекин уларнинг ҳаммаси кичик ўлчамларда бўлган. Энг катта чўртанбалиқни Псков дарёсига қуйиладиган Великое дарёсидан IV—V асрларда тутишган. Унинг узунлиги бир метру 82 сантиметрни ташкил этган. Одамзот пайдо бўлгандан бери тутилган энг узун чўртанбалиқ мана шудир.