«Чаён» сўзининг ўзиёқ бизни хавфли заҳар ҳақида ўйлашга мажбур этади. Ҳақиқатан ҳам чаёнга дуч келинганда кўнгилсизлик рўй бериши мумкин.
Чаёнлар ўргимчакларга қариндошдир. Чаённинг тўрт жуфт оёғи ва ўлжасини ушлаб турадиган иккита кучли қисқичсимон тирноқлари бор. Чаённинг узун бўғимли думи бўлиб, унинг учида заҳарли без томирларига уланган ўткир ниши мавжуд.
Чаён юрганда думини ёйсимон ўраб, кўтариб олади. Қисқичсимон тирноқлари билан ўлжани ушлаб олганда, чаён думини боши устидан ошириб, қурбонига ниш санчади. Заҳар чаён ўзи ейдиган ҳашаротларни, ўргимчакларни ва бошқа жониворларни ё ўлдиради, ё фалаж этиб ташлайди.
Чаёнлар тунда юришни маъқул кўради ва кундуз кунлари сояларда, масалан, тошлар тагида, пўстлар остида ёки уйнинг қоронғи бурчакларида пусиб ётади. Катта чаёнлар одатда ёлғиз яшайди ва юради.
Чаёнлар тухум қўймай болалайдиган ҳайвондир, жажжи чаёнлар дастлаб онасининг елкасига чиқиб оладилар, аммо у боласини боқмайди, бир неча кун ўтгандан сўнг кичкинтойлар ўз ҳолича кун кечира бошлайдилар.
Чаёнлар иссиқ иқлимда яшайди. Уларнинг узунлиги 1 сантиметрдан 17 сантиметргача бўлади, энг йирик турлари эса тропик ўлкаларда учрайди.