8 аср бошларида Европа қиролликлари гўё хавфу-хатарлардан холи эди. Аммо орадан 100 йил ўтиб ҳамма нарса ўзгариб кетди. 711 йилда Вестгот қироллигига маврлар (шимолий Африка қабилалари) ва араблардан иборат мусулмон қўшинлари кириб келдилар. 720 йилга келиб улар вестготларни батамом тор-мор қилиб, шак-шубҳасиз яна шимол томонга ўз юришларини давом эттиришга тайёрлана бошладилар.
Буюк Карл 742 йил 2 апрелда дунёга келди. У 768 йилда отаси Пакана Пипин (Пипин Короткий) вафот этгач, қирол бўлди. Карл кўплаб босқинчилик юришлари натижасида бир пайтда Ғарбий Рим империясига қарашли бўлган жуда катта ҳудудларни ўзига бўйсиндирди. Франклар ҳукмдори Карл ўз ҳокимиятини яна тобора жануб томонга қарата кенгайтириб борди. 732 йилда Франциянинг жанубидаги Тур ва Пуате ҳудудлари оралиғида унинг аскарлари Испаниядаги мусулмонлар ҳукмдори Абдур-Раҳмон лашкари билан жангда рўбарў келди. Маврлар бу жангда мағлуб бўлдилар, ҳукмдорлари эса ҳалок бўлди. Шундай қилиб маврларнинг Ғарбий Европа томон қилаётган юришларига барҳам берилди. Карл шундан сўнг Мартелл, яъни «болға» лақабини олди. 800 йилда Римда жуда кўп халқлар тўпланган йиғинда, тантанали диний-руҳоний маросимлардан сўнг франклар қироли император деб эълон қилинди. Мазкур маросимга раҳнамолик қилган Папа Лев 3 янги император даврида қарор топган черков ва ҳокимият ўртасидаги илиқ ва яқин муносабатлардан бениҳоя мамнунлигини изҳор қилди.
Ўзининг ҳадсиз-ҳудудсиз, катта империясида тартиб ўрнатиш учун Буюк Карл империяни графликларга бўлди ва мазкур графликларни унинг вакиллари бўлмиш графлар идора қила бошлади. Ниҳоятда муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун император йилига икки маротаба халқ йиғинларини чақирарди. Бироқ у ўзининг энг ишончли ва садоқатли таянчи деб католиклар черковини билар ва ушбу черковга хилма хил имтиёзларни берган эди.
Буюк Карл — илк ўрта асрнинг энг ёрқин шахсидир. Унинг фаол ақлу закоси, ақл бовар қилмас жисмоний куч-қудрати ва жўшқин ғайрат-шижоати ўз замондошларини ҳамиша ҳайратга соларди. Император ҳамиша елиб-югуриб юрар, кўплаб хайрли ишларга шахсан ўзи бош-қош бўларди. Ўта суронли замонда яшаган бўлишига қарамасдан, ҳаётда илм-маърифатнинг, маданият ва маорифнинг аҳамияти беқиёслигини жуда яхши англарди. Унинг ҳукмронлиги даврида очилган янги мактабларнинг сони бениҳоя кўп эди. Унинг ўспиринлигида олган таълими асосан жисмоний қудратини ривожлантиришга, отда юришга ва жанговар санъатларни эгаллашга йўналтирилган эди. Император бирор ҳужжатга имзо чекишига тўғръ келганида, унинг ўрнига махсус ҳаттот Карлнинг исмидан иборат монограммани ҳарфлаб ёзиб қўяр, Карл эса ўз исмидаги «А» ҳарфи устига чизиқча тортарди холос. Бироқ, шундай бўлсада, у табиатан жуда қизиқувчан, ўта хотираси кучли инсон эди, у ўз даврининг етук алломалари билан муомала қилиш жараёнида муттасил ўз билим доирасини кенгайтириб борарди. Умуман олганда, саводсиз бўлсада, император ўзидаги ҳар томонлама ривожланган фаҳму заковати билан атрофидагиларни ҳайратга солар ва моҳиятан олганда ўша даврнинг энг ўқимишли кишиларидан бири саналарди.
Бироқ Карл 814 йил 28 январда Ахенада вафот этди. Тарихда жуда кўп бўлгани каби, унинг вафотидан кейин ҳам буюк инсон — Карлнинг ўрнига истеъдодсиз меросхўрлар ҳокимият тепасига келди ва ниҳоятда улкан, кўплаб қабилалардан таркиб топган империя тез орада парчаланиб кетди.