Друидлар кимлар?

Эрамиздан аввалги 1 асрда Ғарбий Европанинг деярли бутун ҳудудини банд этган қадимий қабилалар келтлар ёки галлар деб аталган. Гарчи уларда монарх тимсолидаги олий ҳукумат, давлатчилик бўлмасада, улар ўзларининг маънавий доҳийлари — коҳин друидларга бўйсинганлар. Коҳин друидлар қурбонлик қилиш маросимларини бошқаришар, табиблик қилишар, солномалар битишар, башорат қилишар, болаларга сабоқ беришар, гуноҳ иш қилган катта ёшлиларни жазолашар эди. Друидлар сирли-синоатли илоҳий билимларга эга деб ҳисобланар ва бу уларнинг кишилар устидан ҳукмронлик қилишларига жуда катта имконият берарди.

Рим императорлари келтларни ўзларига бўйсиндирганларидан кейин, друидларнинг таъсиридан хавфсираб, биринчи галда барча друидларга хос маросим ва удумларни ман қилдилар. Друидларнинг сиру синоат, сиру асрорлари ҳали-ҳануз мутахассисларни қизиқтириб келади. Бироқ уларни ўрганиш ниҳоятда мушкул. Хўш, коҳин друидлар табақаси ҳақида нималар маълум?

Улар ҳаётининг аксар қисми ўрмон билан боғлиқ бўлган. Мазкур табақага мансуб бўлиш истагидаги даъвогарлар ўрмонларда ёлғизлик синовини топширганлар, бу имтиҳондан ўтганлари эса яна бир неча йиллар муқаддас тўқайларда сабоқ олишган ва яшашган. Коҳинларнинг ақидасига кўра инсон дарахтдан бунёд бўлган ва дов-дарахтларнинг ҳаётини юзаки тушуниш ярамайди, зеро уларнинг ҳаётида битмас-туганмас сиру-синоатлар яширин. Друидлар ҳар бир ўсимликнинг ўз руҳи мавжуд деб ҳисоблашган.

Умуман олганда, ўрмонни ўрганиш таълимоти қадимги қабилалардан ниҳоятда кенг қамров касб этиб, бу таълимот илгариги вақтларда бутун Европага қулоч ёйган эди. Улар дарахтларга худди жонли мавжудот сифатида муносабатда бўлганлар, улардан инсоний хислатларни қидирганлар, ҳатто «онгли мавжудот» — инсон («гомо сапиенс») дарахтларга ташқи ҳеч бир ўхшашлиги йўқлигини билсаларда, бунга аҳамият бермаганлар.

Друидлар инсон ўсимликлардан келиб чиққан ва айрим одамлар бир умр ўсимликка хос руҳларидан холи бўла олмайдилар деган ақидага қаттиқ ишонганлар. Бундай кишлар, уларнинг назарида кўнгилчан одамлар бўлиб, улар одатда табиатни севувчан, осудаликни ва қулайликни қадрлайдилар. Айрим одамлар эса — ҳайвоний руҳга эгадирлар. «Ҳайвоний руҳ» соҳиблари совуққон, тадбиркор, ўзларини табиатдан холи жойларда эркин сезувчи, айтайлик шаҳарда яйраб яшовчи кишилардир. Олимлар, ихтирочилар, инқилобчилар сафи асосан ана шулар ҳисобига тўлиб боради. Хуллас, мухтасар қилиб айтганда қадимги келт-коҳинлари томонидан тузилган асосий қоидалар, бошқача қилиб айтганда «друидларнинг толеномаси» ана шулардан иборат.