Бронтозаврлар нима?

Бронтозаврлар рептилия асри деб аталмиш даврда яшаган динозавр-рептилиялар оиласининг вакилларидир.

Бу аср бундан икки юз ўттиз миллион йил бурун триас деб номланган геологик даврда бошланган. Бу — динозаврлар асри юз олтмиш миллион йил давом этганини англатади.

Динозаврлар ерда юрган рептилияларнинг вакилларидир. Гарчи уларнинг айримлари кўпинча дарё, кўл ёки ботқоқликка тушиб тургани билан денгизга сира йўламаган. Улар орасида йиртқич ва алафхўрлари ҳам бор эди. Айримлари кейинги оёқлари билан, бошқа бирлари тўрттала оёғи билан юрган. Улар совуққон бўлиб, аксариятининг танаси тангачалар билан қопланган.

Йирик динозаврларнинг бир гуруҳи зауропод деб юритилган. Уларнинг беш панжали улкан оёғи калтакесакникига ўхшаган. Зауроподлар сайёрамизда қачонлардир яшаган ҳайвонлар орасида энг баҳайбатидир. Бронтозаврлар ҳам шу сирага киради. Бронтозаврни сўзма-сўз таржима қилсак, «ер билан яксон этувчи калтакесак» маъносини беради: ер уларнинг оғирлигини кутаролмай титраб-қакшаган бўлса ажаб эмас.

Бронтозаврларнинг бўйни узун бўлгани билан калласи отникидай кичик эди. Танаси филникидай ҳайбатли, аммо думи анчагина узун бўлган. Бу ҳайвонлар қирқ тоннагача тош босган, деб ҳисоблашади. Шунга қарамай бу семиз жонивор ҳаракатлана олган, ўзига ўсимлик озуқаси топган ва миллионлаб йил ичида рўй берган иқлим ўзгаришларига мослашган.

Бронтозаврлар, назаримизда, асосан сувда яшаган. Шу боис танасининг оғирроқ қисми — орқа оёқлари ва думи бирмунча вазнини йўқотган. Чуқурроқ сувликларда улар улкан панжаларини ҳаракатга келтириб, суза олган. Сув уларни баҳайбат этхўр раҳиблари-калтакесаклардан муҳофаза қилган.

Улар дарё ва кўллар бўйидаги сув ўтлари ва ҳар хил майсаларни еб кун кечирган.

Урғочи бронтозаврлар тухум қўйгани қирғоққа чиққанларида этхўр калтакесаклар ҳужумига тез-тез дуч келган ва динозаврларнинг кўп тури шу тариқа қирилиб кетган.