1775 йилнинг июлида исён кўтарган барча 13 колониянинг вакиллари Филаделфияда тўпланишди ва Жорж Вашингтондан (1732—1793) колониячилар армиясига раҳбарлик қилишини сўрашди. Шу пайтдан бошлаб инглизлар ва колониячилар ўртасида ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетди. Орадан бир йил ўтгач, вакиллар яна тўпланишди ва 4 июл куни АҚШнинг Мустақиллик декларациясини қабул қилдилар.
Декларацияни Томас Жефферсон бошқа вакиллар билан ҳамкорликда тузиб чиққан эди. Мазкур декларацияда америкаликларнинг Англия қироли Георг 3 га эътирозлари баён қилиниб, маърифат ғоялари таъсиридаги америкаликлар рўёбга чиқаришга интилаётган бошқарув тизими таърифлаб берилган эди.
Декларацияда ҳамма одамлар тенг ҳуқуқлар билан дунёга келиши алоҳида таъкидланган эди. Ҳукумат одамлар учун хавфсиз, озод ва бахтиёр яшаш имкониятларини яратмоғи лозим. Агар ҳукумат буларнинг уддасидан чиқмаса, халқ уни ағдариб янгисини сайлаш ҳуқуқига эгадир. Албатта, Британиядаги ҳукмрон кучлар ушбу ҳужжатни мутлақо тан олмадилар, назар-писанд ҳам қилмадилар.