Амeриканинг биринчи прeзидeнти ким бўлган?

Мустақилликни эълон қилиш бир нарса-ю, аммо уни инглизлар қўлидан тортиб олиш бутунлай бошқа нарса эди. 1775 йилда яъни мустақиллик учун уруш бошланганда Америкада 8500 нафар британия аскарлари бор эди; 1781 йилга келиб уларнинг сони 48 мингтага етди. Бу профессионал малакали ва интизомли армия эди. Боз устига америкаликларнинг қўшинлари кўнгиллилардан таркиб топганди. Улар жангга интилишар, айни пайтда уйларига ўз фермаларига ҳам ҳосил йиғилишгача қайтишни исташарди.

Америка колонияларининг янги армиясига Жорж Вашингтон бош бўлди. Унинг энг муқим ва барқарор бўлган йилларида (яъни 1777 йилда) мазкур армия таркибидаги аскарлар сони 20 мингтага етди, бироқ бу рақам, армияга ёзилган аскарларнинг бироз муддат ўтгач уйларига қайтиб кетиш ҳоллари сабабли ўзгариб турарди.

Бир неча йил мобайнида, инглизларнинг ғалабаларига қарамасдан Вашингтон ўз аскарларини маҳоратли ва интизомли армияга айлантиришга муваффақ бўлди. Ушбу армиянинг ҳарбий лаёқати, кучи ва қудрати ошгани сайин инглизларнинг аҳволи ёмонлаша борди. Инглиз армияси милтиқ ва ўқ дориларни, от-уловларини Британиядан, яъни океан ортидан 5 минг километрдан олиб келиши керак эди. Қолаверса, инглизларнинг ҳарбий саркардалари ҳам у даражада маҳорат соҳиблари эмасдилар.

Натижада мазкур армиянинг тор-мор бўлиш кунлари тез орада рўй берди. Вашингтон америкалик ва француз аскарларидан таркиб топган 16 минг нафар жангчидан иборат армиясини тўплаб Виргиниянинг Йорктаун шаҳри яқинида инглизларга ҳужум уюштирди. Британ генерали Корпуоллис таслим бўлишга мажбур бўлди. 1783 йилда Франциянинг Версал шаҳрида Англия Американинг мустақиллигини тан олиб бу ҳақдаги шартномага имзо чекди.

1789 йилдан то 1797 йилгача Вашингтон мустақил Америка штатларининг биринчи президенти бўлди.