Давлат ва ҳукумат бошлиқларнинг сиёсий фаолияти, шахсий ҳаёти кенг омма нигоҳи ва кузатувида бўлиши табиий. Хусусан, сиёсий арбобларнинг молиявий имкониятлари, қанча даромад топишию нималарга сарф этиши тўғрисидаги маълумотлар ҳам жамиятдаги турли тоифа вакилларини бирдай қизиқтиради, эътиборини жалб этади.
Hay Group консалтинг фирмаси маълумотларига кўра, сиёсий етакчиларнинг расмий даромади бўйича Осиёнинг Сингапур давлатига етадиган мамлакат йўқ. Мамлакат президенти Селлапан Рама Натанга давлат ғазнасидан йилига икки миллион доллар миқдорида маош тўланади. Мамлакат бош вазири Ли Сян Луннинг йиллик даромади эса 1 млн. долларни ташкил этади. Агар сайёрамиздаги йирик икки мамлакатга қиёслайдиган бўлсак, Сингапур ҳукумати раҳбари АҚШ президентидан 5 баравар, Россия давлат бошлиғидан эса 24 баравар кўпроқ маошга ишлайди.
Тадқиқотлар президент ва бош вазирларнинг ойлик маоши қанча экани фақатгина мамлакатнинг иқтисодий аҳволи билан боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқда. Масалан, Ирландия Республикаси Европа мамлакатлари орасида ҳукумат арбоблари энг яхши таъминланган давлат саналади. Мамлакат президенти Мери Макализ ойига 22 834 евро миқдорида маош олади. Давлат бошқаруви борасида асосий ваколатларга эга бўлган бош вазир Берти Ахерннинг ойлик иш ҳақи эса 20 558 еврога тўғри келади. Шу тариқа ирланд халқи ўз ҳукумат раҳбарини йилига 310 минг евро (434 минг доллар) миқдорида моддий рағбатлантиради.
Ирландияга ён қўшниси бўлган Буюк Британияда ҳам катта арбобларнинг топиш-тутиши ёмон эмас. Ўтган йили муддатдан олдин бош вазирликни тарк этган Тони Блер ўрнига ҳукумат раҳбари бўлган Гордон Браун йилига 187,611 минг фунт стерлинг (375,2 минг доллар) маош олади. Гордон Браунга ҳам парламент аъзоси, ҳам ҳукумат раҳбари лавозими учун ҳақ тўланади. Бир неча йиллар давомида молия вазири вазифасида хизмат қилган бош вазир учун, эҳтимол, ушбу маблағ камдек туюлар. Лекин барибир қитъадаги бошқа давлатлар, масалан, Франция ёки Германия билан солиштириб айтиш мумкинки, барибир инглиз ҳукумат раҳбарининг иқтисодий имконияти анча яхшироқ.
Франция президенти Николя Саркозининг йиллик даромади 240 минг евро (346 минг доллар). Бундан бир йил олдин ҳам Елисей саройи соҳибининг маоши бундан камроқ эди. Франция парламенти 2007 йили республика президенти иш ҳақи миқдорини кўтарди.
Европанинг иқтисодий локомотиви деган унвонга эга бўлган Германияда мамлакат бошқаруви тизгини ҳукумат раҳбари кантслер қўлида. Бу ерда президентга у қадар катта ваколатлар берилмаган. Германия кантслери, дунё сиёсатидаги энг қудратли аёл деб баҳоланаётган Ангела Меркел йилига 318 минг доллар атрофида маош олади.
Европа гигантлари орасида нисбатан орқароқда юрадиган Италияда ҳам сиёсат бош вазир томонидан юритилади. Лекин қадимги улкан империянинг вориси бўлган юртда бадавлат қўшниларга қараганда маош масаласи мақтангулик эмас. Ўтган йили бош вазир Романо Продининг йиллик даромади 156 минг долларга тўғри келганди. Жорий йилда эса ҳукумат раҳбари, шу жумладан, вазирлар маоши 30 фоизга қисқартирилди. Европа Комиссияси каби нуфузли идорага президентлик қилган, айни пайтда эса Италия ижроия ҳокимиятини бошқариб келаётган Романо Проди эндиликда 110 минг доллар йиллик маошга қаноат қилиши керак.
Маълумотларга қараганда, АҚШ президенти Жорж Бушнинг йиллик расмий даромади 400 минг доллардан ошади. Бундан ташқари, транспорт ва бошқа харажатлар учун Оқ уй етакчисига 150-160 минг доллар миқдорида қўшимча маблағ ҳам ажратилади. Қўшма Штатлардаги иккинчи шахс саналган вице-президент Дик Чейни эса федерал бюджетдан йилига 208,575 доллар маош олади.
Иқтисодий тараққиёт борасида АҚШ билан асосий рақобатчи саналган Японияда ўтган йили бош вазирнинг йиллик маоши 355 минг доллар атрофида эди. Давлат бошқарув идораларида амалга оширилган ислоҳотлар пайтида ҳукумат раҳбарининг ойлиги чорак фоизга камайтирилди. Яна денг, бу таклиф бош вазирнинг ўзидан чиқди.
Ғарбнинг ривожланган мамлакатларида сиёсий арбоблар олаётган олти ҳадли рақамлардан иборат улкан даромад олдида бошқа ҳудудлардаги етакчиларнинг ҳаёти камтарроқ кўриниши ҳам мумкин.
Манбаларда Россия президенти Владимир Путиннинг давлат ғазнасидан оладиган йиллик маоши 81 минг доллар экани айтилади. Ҳай Гроуп хулосаси кўра эса, Кремл етакчисининг ойлик иш ҳақи ўтган йилда 6,2 минг долларга тўғри келган.
Украина президенти Виктор Юшченко Россия президентидан кўпроқ ойлик олар экан. «Норинж инқилоби»дан кейин Украина давлати тепасига келган Юшченко 6,5 минг доллар атрофида ойлик иш ҳақига имзо чекади.
Сўнгги тўрт йил ичида рўй берган «рангли инқилоб»ларнинг яна бир мезбони Грузияда давлат раҳбари ва юқори лавозимдаги амалдорлар БМТ ва АҚШ сармоядорлари томонидан коррупцияга қарши кураш мақсадида ташкил этилган тараққиёт ва ислоҳот фондидан маош олади. Маҳаллий журналистларнинг маълумотларига қараганда, Грузия президентининг ойлик маоши 3 минг доллардан ошади.
Бундан бир неча йил муқаддам Европа матбуот нашрларида Белорус президенти Александр Лукашенко 300 доллар маош олиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳай Гроуп компанияси эса Минск етакчисининг ойлик даромадини 2,3 минг доллар деб кўрсатган. Таҳлилчиларга кўра, Белорусда президентнинг маоши қанча бўлиши у қадар муҳим эмас. Чунки Лукашенконинг ўзи интервьюларидан бирида қанча даромад қилишию, нималарга сарфлашини билмаслигини айтган…
Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг ойлик маоши 16,5 минг долларни ташкил этади. Ўтган йилга қадар давлат раҳбарининг маоши 19,5 минг доллар эди. Яқинда бу ерда ҳам президент таклифи билан парламент биринчи раҳбарнинг иш ҳақи миқдорини камайтирди.
Кубанинг машҳур етакчиси Фидел Кастро Лотин Америкаси сиёсий арбоблари орасида энг давлатманди сифатида ном қозонган. Бир замонлар мамлакатда улкан инқилоб амалга оширган «доҳий»нинг расмий даромади қанча экани маълум эмас. Форбес журнали кузатувларга асосланиб, Кастронинг умумий бойлигини 900 млн доллар деб кўрсатган. Маълумотларга қараганда, Куба раҳбари мамлакатда кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари, хусусан, Cимех валюта дўконлари, Медиcуба фармацевтика компанияси даромадларидан улуш олади.
Минтақанинг яна бир давлати Боливияда президент Эво Моралес 2007 йил охирларида ўз хоҳишига биноан ойлик маошини 1,8 минг долларга туширди. Бу мамлакатдаги энг катта ойлик иш ҳақи дейиш мумкин. Чунки Боливияда ўрнатилган тартибга кўра, ҳеч бир амалдор президентдан кўпроқ маош олиши мумкин эмас.
Собиржон Ёқубов