Россия қайси йўлдан боради?

Мамлакатнинг янги сайланган президенти Дмитрий Медведев бу борада ўз қарашларини билдирди

Шу билан бирга ушбу нашр орқали Дмитрий Медведевнинг Владимир Путин ва махсус хизматлар борасидаги муносабатини ҳам билиб олиш мумкин.

«Дэмократияга камида 50 йил керак…»

Дмитрий Медведевнинг фикрича, Россиядаги демократия ҳали жуда ҳам ёш, унинг ривожланиши учун маълум вақт талаб этилади. Натижаларни эса 30-50 йилдан кейингина баҳолаш мумкин.

Демократия универсал қадрият эканини эътироф этган давлат арбоби у айни замонда ҳар бир мамлакатнинг миллий ва тарихий анъаналаридан келиб чиқиши кераклигини айтади.

Медведевнинг таъкидлашича, Россияда тсивилиза­ция­вий бошқарув шаклларини амалга татбиқ этиш мумкин эмас, дея танқид қилувчиларни ёқтирмайди. Янги сайланган президент давлатнинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда демократик тартиб сари ўтишни ёқлайди.

Хусусий мулкнинг фирибгарликдан фарқи

Россияда демократиядан фарқ қилиб хусусий мулк бир неча юз йиллар олдин ҳам мавжуд бўлган, деб эслатади Медведев. Бироқ вақтлар ўтиши билан хусусий мулкчилик босим остида қолди. Оқибатда унга муносабат ҳам ёмонлашди. Д. Медведевнинг фикрича, ҳозирда Россияда хусусий мулкни қадрлаш ривожланган давлатлардаги каби юқори даражада эмас.

— Ҳозирга қадар кўплаб одамлар учун хусусий мулк фирибгарлик, инсонларнинг инсонлар томонидан мажбурлаб ишлатиши ва оғир ҳаёт каби тушунчалар билан синоним маънони англатади, — дейди у. Бундай муносабатнинг шаклланганини эса Россияда хусусийлаштириш жараёни тартибсиз ва хўжасизларча ўтказилгани билан изоҳлаш мумкин.

— Биз ривожланиш модельи сифатида бозор иқтисодиётини танладикми, унга эришиш учун хусусий мулк муҳофазаси ва дахлсизлигини таъминлашимиз керак. Ғарб мамлакатларидаги барча партиялар дастурларида хусусий мулкка ҳурмат марказий ўринда туришини яхши тушунамиз, — дея иқтисодий соҳадаги вазифаларга эътибор қаратади у.

Владимир Путин… Бош вазир сифатида

Россиянинг амалдаги раҳбари Владимир Путин ўз лавозимидан кетгач, ҳукумат бошлиғи сифатида ишлаши деярли аниқ бўлиб қолди. Бу борада Дмитрий Медведев расмий таклиф билан чиқди ва ушбу таклиф Путин томонидан қониқиш ила қабул қилинди ҳам.

Президентлик даврида бош вазир Владимир Путин билан ишлаш хусусида тўхталган Д. Медведев буни самарали бошқарув модельи деб атади.

— Аниқки, одамлар ушбу тузилмани ўз ҳолларича қабул қилишади, айримлар ундан камчилик ҳам қидиради… Лекин биз етарли даражада тушунган кишилармиз. Вазифамизни уддалаймиз, — дея сайловчиларини ишонтиради у.

Владимир Путиннинг президентликдан ҳукумат раислигига ўтишини бўлажак давлат раҳбари Россиянинг тсивилизациялашган бошқарув тизимига қадам қўйиши сифатида баҳолайди. Боз устига, олий лавозимдан ундан пастроқ мансабга ўтиш ва сиё­сий фаолиятни давом эттириш Д. Медведев наздида ватанпарварлик намунаси ҳам саналади. «Биз Европа давлатимиз. Европада эса жуда кенг амалиётлар қўлланади», — деб изоҳлайди бўлажак раҳбар ўз қарорини.

Ниҳоят, махсус хизмат хусусида

Бир замонлар махсус хизмат нонини еган Владимир Путиннинг давлат раҳбари сифатида фаолият юритгани Ғарб давлатларида танқидий баҳоланган эди. Маълум бўлишича, бўлажак президент махсус хизмат вакилларининг катта сиёсатга кириб келишини табиий ҳолат деб қабул қилади.

— Айни пайтда давлат лавозимларида олдинги даврдан кўра махсус хизматда тажриба орттирган одамларнинг кўпроқ ишлаб келаётганига мутлақ нормал ҳолат сифатида муносабатдаман. Бу борада биз ёлғиз эмасмиз. Бошқа мамлакатларда ҳам махсус хизматда ишлаган ва уни бошқарган кўплаб кишилар сиёсий соҳада фаолият юритиб келишмоқда, — дейди Д. Медведев.

Бўлажак президентнинг фикрича, ушбу соҳа вакилларида ҳам салбий, ҳам ижобий тажриба мавжуд. Муҳими, ана шу тажрибадан қайси бири қўлланишида.

«Ҳуррият»дан олинди.