Дунёнинг энг бой кишилари (Forbes 2008)

13 йиллик биринчиликдан сўнг Microsoft корпорацияси раҳбари Билл Гейтс энди дунёнинг энг бой кишиси эмас. Гейтснинг ўрнини унинг дўсти ва кўп йиллик ҳамкори Уоррен Баффет эгаллади. Berkshire Hathaway компанияси соҳиби Баффетнинг акциялари қиймати 25% га ўсганлиги сабаб унинг маблағи 10 миллиардга ошиб, 62 миллиард $га етган.

Форбес журналининг 2008 йил (06.03.2008) натижаларига кўра, ўтган йилнинг энг бой кишиси Билл Гейтс рейтингнинг 3-поғонасидан (58 млрд $) ўрин олган. Бунга сабаб Microsoft компаниясининг Yahoo! порталини сотиб олиш ҳақидаги таклифидан сўнг унинг акциялари қиймати тушиб кетганлигидир.

Мексикалик телекоммуникация магнати Карлос Слим Хелу 60 миллиард $ маблағ билан дунёнинг энг бой иккинчи кишисига айланди. У ўтган йилда ўз капиталини 11 млрд$ га кўпайтиришга эришган.

«Энг-энг»лар рўйхатида кейинги ўринларни ҳиндистонлик метал магнати Лакшми Миттал (4-ўрин, 45 млрд $), ака-ука ҳинд тадбиркорлари Мукеш ва Анил Амбани (5-6-ўринлар, 43 ва 42 млрд $), Ikea дўконлар тармоғи асосчиси Ингвар Кампрад (7-ўрин, 31 млрд $), Ҳиндистондаги энг йирик кўчмас мулк компанияларидан бири соҳиби Кушал Пал Сингҳ (8-ўрин, 30 млрд $), Россиянинг «Базовий элемент» холдинги раҳбари Олег Дерипаска (9-ўрин, 28 млрд $) ва «Aldi» супермаркетлари тармоғи ҳамраҳбари Карл Албрехт (10-ўрин, 27 млрд $) эгаллаган.

2007 йил натижаларига кўра, миллиардерлар салмоғи рекорд натижага етди: ҳозирда сайёрамизда маблағи 1 миллиард $ дан ошган 1125 нафар бой яшайди. Биринчи марта жаҳон миллардерлари салмоғи 1000 дан ошди. 2006 йилда жаҳонда 946 нафар миллиардер борлиги қайд этилган эди. Дунёнинг энг бой кишилари ўртача маблағи 3,9 миллиардни ташкил этди. Бу ўтган йилгидан 250 миллион кўп демакдир.

Миллиардерларнинг ўртача ёши 61 дир. Барча миллиардерларнинг умумий маблағи 4,4 трлн $ ни ташкил этгани ҳолда, биринчи ўнликка кирган бойларнинг умумий капитали 426 млрд $дир.

Таъкидлаш жоизки, 2008 йил рўйхатига кирган миллиардерларнинг 3/2 қисми (67%) маблағларини ўзлари ишлаб топганлар, уларга бу капитал оилавий мерос бўлиб ўтмаган. Рейтингга 99 та аёл-миллиардерлар киритилган бўлиб, улар орасида Москва мерининг хотини Елена Батурина ҳам бор (253-ўрин, 4,2 млрд $).

2007 йил натижаларига кўра, 40 ёшгача бўлган миллирдерлар сони ҳам рекорд даражасига чиқди ва 50 нафарни ташкил этди. Улар орасида энг ёш миллиардер Facebook интернет тармоғи асосчиси, америкалик Марк Цукербергдир. 23 ёшида унинг маблағи 1,5 млрд$ ни ташкил этмоқда. Энг ёш миллиардерлар ичида яна германиялик Алберт вон Турн (24 ёшда, 2,3 млрд $), ливанлик Ҳинд Ҳаририй (24 ёшда, 1,1 млрд $), хитойлик Янг Хуиян (26 ёшда, 7,4 млрд $), ливанлик Фаҳд Ҳаририй (27 ёшда, 2,3 млрд $), саудиялик Айман Ҳаририй (27 ёшда, 2,3 млрд $)лар ҳали 30 ёшга етмаган бўлсаларда энг бойлар рўйхатидан муносиб жой олишга эришганлар.

Миллиардерлари энг кўп давлатлар рўйхатини ҳамон АҚШ (469 та) бошқариб келмоқда. Иккинчи ўринни Германияни ортда қолдириб, Россия эгаллаб олди. 2007 йил натижаларига кўра Россияда 87 нафар доллар милллиардерлари мавжуд. Фақатгина шу йилнинг ўзида Россиялик миллиардерлари сони 32 нафарга ошган. Учинчи ўринда – Германия, 59 нафар немис фуқаролари Форбс рўйхатига кирганлар.

Энг бой йигирматаликка Россиядан Олег Дорипаскадан ташқари яна 3 нафар россиялик кирган: тадбиркор ва Чукотка губернатори Роман Абрамович (23,5 млрд $, 15-ўрин), «Северсталь» компанияси раҳбари Алексей Мордашев (21,2 млрд $, 18-ўрин), «Алфа Банк» раҳбари Михаил Фридман (20,8 млрд $, 20-ўрин).

Миллиардерлар энг кўп яшайдиган шаҳарлар рўйхатининг 1-поғонасига Москва чиқиб олди. Ҳозирда Россия пойтахтида 74 нафар миллиардер яшайди. Иккинчи ўринда: Нью-Йорк, шаҳарда 71 нафар миллирдер истиқомат қилади. Буюк Британия пойтахти Лондондан эса 36 нафар миллиардер «бошпана» топган.