— Муҳтарам радио эшитувчилар! Жаноблар ва хонимлар! Авваламбор, ассалому-алайкум! Қолаверса «Хелло», «Бонжур», «Гутен морген», «Оруар»… Вообшем, привет ва ва-алайкум салом! Серсаломлигимизнинг сири шундаки, «Гар саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим»! деб, бизни қўрқитишган, ўтмишда — халқ эртакларида. Сиз билан эса айни чоқда эртакда эмас, эфир тўлқинларида учрашиб турганимиздан бағоят бахтиёрмиз!
Шаҳар радиосининг «Тонгги тилак» деб номланувчи, кўнгилочар, дилтортар шоу-дастури яна ҳузурингизда! (мусиқа фонида) Тонгги тилак! Тила-а-а-к… Ила-а-а-к… а-а-к, ак!
Эндигина милкида сут тиши қобиқ ёрган ва танглайида «ақл тиши»гина ўйнаб турган, етти яшардан етмиш яшаргача бўлган мухлисларимиз! Тингланг, «Тонгги тилак»ни, даст кўтаринг билакни, унга тўлдиринг элакни, тарақлатманг бўш челакни… деганларидай, қофияси қарсиллаган ширин-шакар шеърлар, қаймоқли қўшиқ, сархил суҳбату ҳалимдек ҳангома ҳазиллар биздан. Тинглаш, тоқат қилиш эса сиздан.
Ҳозиргина ўриндиқдан ўнг ёнбоши билан турганлар, мизғиб- мириқиб мазза қилганлар ва қурама кўрпани бағридан қўйвормасдан, ҳали-ҳамон хуррак отаётганлар! Эсингизда бўлсин ва доимо ёдда тутинг. Агар сиз, дастуримиз бош ҳомийси «Сўйлоқ» фирмаси пасталарида оғиз чайқасангиз, нафақат тишингиз тилла тусда ярақлайди, балки, тилингиз ҳам тўйимли ажиб бир хуштаъмдан баҳраманд бўлади! Нафсингизга намат ёпилиб, нонушта ёнингизга қолади! «Сўйлоқ» — бозор даврида кони фойда! Фақат «Сўйлоқ»ни севинг ва ақчангизни тежанг. Шу тарздаги «cўйлоқ»она свежий салом билан дастуримизни бошлаймиз…
Мурватни мункайибгина бўлса-да бураган, бод ва белангини писанд қилмай радио қошига ошиққан қариялар! Тингланг… Сизларга тонгги хушхабар! Асло тушкунликка тушманг. Бу хасталиклар энди ортга чекинди! Бунинг учун сиз эшиттиришимизнинг яна бир ҳомийси «Дардман» дорихонаси даҳлизидан дадил ҳатлаб ўтсангиз, кифоя! Давосиз дарддан фориғ, ортиқча семизликдан ориқ бўласиз-қўясиз… Айниқса, дориқутиларининг бежиримлиги, безагига асло гап йўқ. «Баҳоси»дан эса кўнгил бўлсин тўқ. Сабаби, саломатлик олдида сўлкавойларни сарғайтириб ўтиришга не ҳожат?! Пул — қўлнинг кири, сўлкавойда совунласанг кетар касаллик сири… Эслаб қолинг ва ташриф буюринг! «Дардман» дорихонаси! (акс-садо) Дардма-а-а-н… ма-а-а-н… а-а-а-н.. Энди эса навбат тонгги тотли қўшиққа:
Сотволди-я, сотволди,
Сара дори сотволди.
Сара дори сотволиб,
Саломатлик сотволди.
Саломат бўлиб олгач,
Яримтани отволди.
Яримтани отволиб,
Катта кўчада ётволди…
Ушбу қўшиққа овоз беришни унутманг! Қўшиқ коди… Олти, олти, олти… Олмага қўшиб еб туринг ошкади!
Мана, муҳтарам мухлислар! Қайноққина қўшиқдан кейин дастуримиз яна давом этади. «Дардман» дорихонасини биз юқорида бежизга тилга олмадик. Боиси, бугун «Тонгги тилак»да ўз тилакларини изҳор этиш учун мазкур дорихонанинг саховатпеша соҳибаси Сурмахон Сўнаевна ташриф буюрганлар! Сурмахон Сўнаевна студиямизга хуш келибсиз! Марҳамат, муҳтарам ва муҳтарама мухлис-мухлисалар… Ушбу ҳомийимизга бемалол сим қоқишларингиз мумкин. Лекин, ундан олдин… Реклама! (мусиқа фонида) Ре-е-е-ек-ла-а-ма-а-а! …Одамлару одамлар, яхшилару ёмонлар! Мева қоқию бодомлар. Таъмидан қуруқ қолманглар! «Бозор бобо» хусусий бозор пештахталарида, шаҳримизда донғи кетган номдор Норча носкашнинг оғизда сув очадиган новвот мазалик нослари сотувга чиқарилган. Отсанг нос, бўлмайсан вос-вос! Тишнинг қурти ўлади, таъмидан кўнгил тўлади! Кўпчилик бўлиб харид қилувчилар учун олдиндан буюртмалар қабул қилинади… Эҳе-ҳе-ҳей! Отсанг нос, бўлмайсан «понос»! (мусиқа) … Сурмахон Сўнаевна, навбат ана энди сизга! Анъанага кўра, суҳбатимизни тингловчиларимизга хуш ёқадиган ёқимли савол билан бошласак. Марҳамат қилиб, айтингчи, бошланиши «Ир-р-р!», охирги ҳарфи эса «А-а-а!». Жами етти ҳарф! Бу нима?!
— «Ир-р-р!» — бу менимча эр, яъни эркаклар… Уларнинг кўпчилиги шунақа итфеъл бўлишади! «А-а-а» эса, бу аёллар! Афсуски, уларнинг ҳам айримлари анқовтоб, «А-а-а!» деб оғзини очиб юришади. Бизнинг дорихонамизда ҳар иккала хасталик учун ҳам дори топилади. Хусусан «Қутурганмиссин – Қ» ва «Алаҳсирама-А» перепаратлари…
— Узр, Сурмахон Сўнаевна! Дориларингизни тарғиб-ташвиқи кейин… Сиз олдин саволга жавоб топинг. Бош ҳарф «Ир-р-р!» эмас, оддий, «Радио»да кетадиган «Р»! Жами етти ҳарф! «Р» ва «А»… Қани, қани… «Р» ва «А»?!
— «Р» ва «А» бўлса, «Рапида»да! Сомса ёпаман деб билагини «духовка»да куйдирган бир аёл, яқинда шу матоҳни сўраб келди. Сўраганига сабаб, дорихонамизда нафақат дори-дармонлар, балки талаб-эҳтиёждан келиб чиқилиб, озиқ-овқат, хўжалик, атторлик ашқол-дашқолларигача сотилади. Шу боис, дарҳол, «Рапида-Р» деган перепаратни тайёрлаб… Ука, иложи бўлса шу доримизни ҳам ўхшатиб реклама…
— Стоп! Сурмахон Сўнаевна… Ҳозир, нима илтимос қилдингиз? Реклама… — Ҳа-ҳа… Топдингиз. Саволимизнинг жавоби бу ҳақиқатан «Реклама» эди. Ақлингизга тасанно! Реклама — бу бугун барчамизга сув ва ҳаводек зарур. «Реклама»сиз ҳаёт — эшкаксиз қайиқда сузишдир. Реклама биздан, тўлови сиздан! Демак, навбат, яна реклама-а-а-а-га-а-а! (мусиқа)
Муҳтарам «Овознигор» ихлосмандлари. Эфиримизни эшилиб эшитаётганлар! Тингланг. Эътиборга лойиқ «Эълон». Шаҳримизнинг «Шўх ариқ» мавзеидаги «Оқсоқ ота» ошхонаси таъмирланиб, «Йўрға ота» номи билан қайтадан файз очди. Олам ранг-баранг ва гўзал синоатларга бой. Мазкур масканнинг доимий мижози, маҳаллий шоир Махдум Мазза ошхона пештоқида «лавҳ» битганидек:
Манзил номи — «Шўх ариқ»,
Дарвозаси тўқ сариқ.
Кун оғса, бота-бота,
Сизга илҳақ «Йўрға ота»!..
Эсингизда тутинг: Энди «Оқсоқ» отада оқсоқланишмас, фақат йўрғалаш… «Йўрға» ота! Ота-а-а-! А-а-а?!
…Сурмахон Сўнаевна, сиздан минг бор узр. Бу ёғига шошилмасак бўлмайди. Чунки, эфиримиз вақти чекланган! Қўнғироқлар эса тинимсиз қулоқни қоматга келтирмоқда. Сиз уларнинг… Лоақал, бирортасининг саволига жавоб беринг… Мана, бир мухлис — хонимми, жанобми… Афтидан жафо кўрган жабрдийдага ўхшайди. Овози ўта ҳаяжонда! Ўша бояқиш бозорда тарвузми, қовунми еган экан, тўсатдан қорни оғриб…
— Бу саволларига кўпчилик бўлиб эмас… Ўзим бемалол жавоб беришим мумкин. Дорихонамизда «Ичбуруғ-И» деган… —
Узр, ўша айтган дорингизни олиб ичлари тузалибди-ю… Бунинг учун албатта, сизга раҳмат айтаяпти! Аммо, бирдан ҳамма ёғига тошма тошиб кетибди. Мана шу муаммога жавобингиз?!
— Жавоб тайёр! Бу дардни фармокологияда «Аллергия», лотинчада «экзема», халқ тилида оддийгина қилиб «қичима» дейилади. Бу касалликка қарши доримиз бор. Номланиши «Қашлама!». Тилининг тагига толқонидан ташлаб, тўрт кун давомида шимиб, терлаб, тепкилаб, типирчилаб…
— Яна бир бор, узр! Вақт оёқланмоқда… Телефонда эса ҳамон ҳис-ҳаяжон! Сурмахон Сўнаевна сиздан сўрашаяптики, ушбу муолажани мабодо тўрт кунлик эмас, тезликда, тугал, арзон, аммо сифатли давоси йўқми?! Фақат шошилайлик!
— Демак, бу мухлис мирқуруқ, мирзақуруқ мижозлардан. Уларга маслаҳатимиз, дорига кучлари етмаса, халқ табобатидан фойдалансинлар…
— Яъни, бирор ўт-гиёҳни қайнатиб-а?!
— Шарт эмас! Қичиган жой қўл билан қашланса кифоя. Сув текин ва сифатли муолажа…
— Қимматли маслаҳатингиз учун ташаккур, Сурмахон Сўнаевна «Тонгги тилагимиз» ҳам мана, тугади, ҳисоб. Сўнгги истагимиз ўз «Реклама»нгизни биздан асло бегона қилманг. Чунки бу хизмат бизда ўта сифатли ва сертификатланган. Реклама биздан — тўлови сиздан. Шиоримиз эса: «Рози қилсангиз, рози қиламиз!» Демак, эшиттириш ниҳоясида яна. Реклама! А-а?!